САДДИ ИСКАНДАРИЙ

«САДДИ ИСКАНДАРИЙ» («Искандар девори») — «Хамса» (Навоий) нинг якунловчи достони (1485). Асар 89 боб, 7215 байтдан иборат бўлиб, Навоий ижодидаги ҳажман энг йирик эпик асардир. Достон арузнинг мутақориб баҳрида туркийда ёзилган. Хамсанависликнинг буюк намояндалари: Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар Искандар тўғрисида достон ёзиб, ўз «Хамса»ларига киритганлар. Дастлаб мусулмон дунёсида Қуръони каримнинг Каҳф сурасида номи зикр этилган ҳукмдор Зулқарнайн (Икки шохли, 18сура, 83 —98оятлар) ҳамда юнон саркардаси ва давлат арбоби Александрии битта шахс деб билишган ва у шаркда Искандар Зулқарнайн номи б-н машҳур бўлган. Мазкур Искандарномаларга Искандар тимсолидаги Александр фаолияти мавзу қилиб олинган. Аммо асарларда Искандар тимсоли тарихийликдан тобора узоқлашиб, бадиий тўқима образга айлана борган. Ҳар бир хамсанавис Искандар тимсолида ўз идеалларини талқин этишга ҳаракат қилган.

Навоий ўз асари аввалида, салафларидан фарқли ўлароқ, тарихийликка, кўпроқ тарих китобларига таяниб иш кўрганини ёзади. Навоий бу ўринда ўз асарида Искандар ҳақидаги боблар изчиллигининг Қуръондаги Зулқарнайн ҳақидаги оятларга ҳамда тарихий шахс Александр фаолиятига мувофиқ келишини назарда тутган. Достоннинг «Садди Искандарий» деб номланишида ҳам Қуръони каримнинг Навоий учун бирламчи манба бўлганлиги сезилади.

Навоий талкинида Искандар одил шоҳ, у дунёни куфрдан, жаҳолатдан тозалаб, бутун дунёда адолатни жорий этиш, башарий тартибқоидаларни катта оламдаги тартибқоидаларга мувофиклаштириш мақсадида халқлар устига юришлар қилган. Бу эса суфиёна талқин бўлиб, достондаги муқаддима боблар, Искандар воқеалари ҳикоя қилинган боблар ҳамда унга илова бобларда ҳам шоирнинг тасаввуфий қарашлари устуворлигини кўриш мумкин. Мас, Искандар шиша сандиқ ясаб, денгиз тубига тушади, турфа ажойиботларни кўриб, ватанига қайтади. У вафот этар экан, бир қўлини тобутдан чиқариб қўйишларини сўрайди. Асарда Навоий инсонни бу фоний дунё ҳою ҳавасларига ортиқча ружу қўймасликка чақириб, гарчи Искандар жаҳонни эгаллаган жаҳонгир бўлсада, у нариги дунёга ҳеч нарсасиз кетаётганлигига ишора қилади.

Достон туркий адабиётда кўплаб назиралар ёзилишига туртки бўлган (Абай, «Искандар», 19-а. ; Шайхзода, Искандар Зулқарнайн», 20-а. ва б.). Искандар образи шеъриятда анъанавий образга айланган.

Абдувоҳид Ҳайитов.