САБЗИ

САБЗИ (Daucus) — соябонгулдошлар оиласига мансуб икки, қисман бир йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми, сабзавот экини. Снинг 60 дан ортиқ тури бор. Бир тури (D. carota) — маданий Сабзи экилади. Бу тур Ғарб (Ўрта Ер денгизи ҳавзасидан келиб чиққан 4 турхил — каротинли, сариқ, оқ, бинафшаранг Слар) ва Осиё (Афғонистон ва унга яқин ҳудудлардан келиб чиққан 6 тур хил — сариқ, бинафшаранг, қизил, тўқ бинафшаранг, пушти, оқ Слар) кенжа турига бўлинади.

Жаҳондаги деярли барча мамлакатларда каротинли навлари етиштирилади. Деҳқончиликда мил. ав. 2минг йилликдан маълум. Хитой, Франция, Италия, Россия ва б. мамлакатларда кўп экилади. Жаҳон бўйича Сабзи экин майд. 861 минг га, ялпи ҳосили 18,4 млн. т, ҳосилдорлиги 214,3 ц/га (1999). Сабзи 1-йили барг чиқариб, илдизмева беради, 2-йили гулпоя чиқариб уруғ беради. Сабзи намсевар (айниқса, униш, гуллаш ва илдиз-мева тугиш даврида), ёруғсевар, совуққа чидамли ўсимлик (майсалари — 2° га чидайди). Уруғи 4—5° да униб чиқади. 18—20° да яхши ривожланади. Ўсув даври 80—110 кун. Осиё кенжа турига кирадиган Сабзи барглари япроқли, 3 карpa патсимон қирқилган. Гули 2 жинсли, тўпгули мураккаб соябон, ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Уруғи майда, 1000 донаси 1—1,5 г. Илдизмеваси серсув, навига қараб думалоқроқ, цилиндрсимон, ранги сариқ, оқ ва баъзан қизғиш, оч кизил, уз. 8—17 см, вазни 30—200 г ва ундан ортиқ. Сабзиси (илдизмеваси)да 10—12 % қанд, 9,2% углеводлар, 1,1% азотли моддалар ва С, В,, В2, РР витаминлари, 9,0 (20—25 гача) мг% каротин бор. Сабзи инсон озиқ-овқат рационида муҳим ўринда туради. Хашаки навларининг илдизмеваси ранги оқ, асосан, чорвачиликда озуқа сифатида ишлатилади. 100 кг илдизмевасида 14 озуқа бирлиги, 0,8 кг ҳазм бўлувчи протеин, 80 г кальций, 50 г фосфор бор. Сабзи озиқ-овқат ва ширали озуқа сифатида, шунингдек, бошқа маҳсулотлар олишда хом ашё сифатида ишлатилади. Сабзи бир йилда 3 марта экилади. Эртагиси фев. охири—март бошларида, ёзгиси 15 июнь—15 июлда, қишкиси нояб. охири — дек. бошларида экилади. Уруги 4° да 12—20 кунда униб чиқади. Униб чиқишига қадар сувга жуда талабчан. Қатор ораси 60, қатордаги тасмалар оралиғи 15—20 см схемада экилади. Иккинчи яганадан кейин ўсимликлар оралиғи 5—7 см бўлиши керак, 1 га ерга 6—7 кг уруғ сарфланади. Ўсув даврида ўтоқ қилинади, яганаланади, қатор ораси юмшатилади, озиклантирилади, 7—12 марта суғорилади. Сабзи ялпи кавлаб олинади. Ҳосилдорлиги 25—35 т/га. Янгилигида истеъмол қилинади, консервалар, тиббиётда эса Сдан турли доридармонлар тайёрланади. Шим. районларда ва Европа мамлакатларида, асосан, қизил, Марказий Осиё мамлакатларида сариқ С. экилади. Ўзбекистонда халқ селекциясида Сабзининг жуда кўп навлари яратилган. Ҳоз. даврда Сабзининг Мушак 195 (эртапишар) ва Нурли (ўртапишар), Мирзой қизил 228, Мирзой сариқ 304 (ўрта эртаги), Нант 4, Шантанэ 2461 (ўртаги) ва Зийнатли, Каскаде Ғ,, Пума Ғ, ва б. навлари ва дурагайлари экилади.

Зараркунандалари: сабзи пашшаси, куялар, ўтлоқ парвонаси.

Касалликлари: фомоз, альтернариоз, склеротиниоз ва б.

Ад.: Балашев И. Н., Земан Г. О., Сабзавотчилик, Т., 1982; Бўриев Х. Ч., Абдуллаев А., Томорқа сабзавотчилиги, Т., 1989.

Абдунаби Ҳакимов.