САБУКТЕГИН

САБУКТЕГИН, Сабуқтакин, Абу Мансур Носируддин ваддавла Сабуктакин (940, Иссиқкўл атрофидаги Барсхон ш. — 997, Балх) — давлат арбоби ва саркарда, ғазнаеийлар сулоласи ва Ғазнавийлар давлати асосчиси. Сабуктегин асли қарлуқ туркларидан бўлиб, унинг отасини Қора Бажкам (туркча Қора Ҳўкиз; асл исми Жук) дейишган. Ўзаро урушларнинг бирида ўсмир Сабуктегин асир тушган. Тарихчи Байҳақийнкнт ёзишича, Наср ҳожи номли қулжаллоб томонидан у Бухоро бозоридан сотиб олиниб, Жузжон (Ғузғонон) га олиб келинган ҳамда Нишопурда сомонийларнкнт Ғазнадаги ноиби Алптегинта сотиб юборилган. Сабуктегин довюраклиги ва жасурлиги боис Алптегин ҳузурида мавқеи тез ошиб, унинг қизига уйланган (бу никохдан унинг валиаҳди Исмоил туғилган. Зобулистон ҳокимининг қизи бўлган хотинидан эса Маҳмуд дунёга келган). Ҳиндистонга қилинган бир қанча юришларда фаол қатнашган. Оддий ғуломликдан сипоҳсолор даражасига кўтарилган. Алптегин вафот этгач (963), Сомонийларнинг Ғазнадаги ноиблари ҳузурида хизмат қилган. Қўшиннинг талабига кўра, Ғазна вилояти амири бўлган (977 й. 1 март). Бу даврда Ғазна вилоятига Буст, Гардиз, Парвон, Кобул, Заминдовар, Кусдар, Бомиён, Тохаристон, Ҳирот ва Ғур вилоятлари қўшиб олинган. Шим. Ҳиндистонга ғазнавийларнинг илк юришларини бошлаб, ҳинд рожаси Жайлални мағлубиятга учратган. Пешовар ва Ламғон ўртасидаги худуд фатҳ этилган. Орадан кўп ўтмай Ғазна вилояти сомонийлардан ажралиб чиқиб, мустақил давлат (пойтахти — Ғазна ш.)га айланган.

Сабуктегин билан сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур ўртасида Кеш ва Нахшабда ўзаро учрашув бўлиб, унда Сабуктегин сомонийларни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. Гардизийнчнт ёзишича, Сабуктегиннинг 20 минг кишилик қўшини сомонийларнинг Хуросондаги ноиби исёнкор Абу Али Симжурий (Абулҳасан Симжурийнинг ўғли) ва Фойиқ аскарларига Ҳирот атрофида кучли зарба берган (994).

994 й. С. қўшини Ҳиндистонда ҳам ғалабаларга эришган ва маҳаллий аҳолининг бир қисми ислом динини қабул қилган. Ўша йили Абивардда хоразмшоҳ Абу Али Маъмун I (992—997) қўшини устидан ҳам зафарга эришган. Бу ғалабалар учун аббосийлар халифаси алҚодир Сабуктегинга «Носируддин ваддавла» («Дин ва давлат ҳимоячиси»), унинг ўғли Маҳмуд Ғазнавийта «Сайф уддавла» («Давлат қиличи») фахрий унвонларини берган (994 й. нояб.).

Ҳирот яқинида Абу Али Симжурий ва Фойиққа Сабуктегин ўғли Маҳмуд билан биргаликда сўнгги зарбани берган (995 й. 21 июль). Бу жангда душманнинг хазинаси ва филлар ўлжа олинган, номдор лашкарбошилар асир тушишган. Хоразмга қочиб кетган Абу Али Симжурий ўзининг 3 сафдоши билан кейинчалик Сабуктегин томонидан ўлдирилган.

Мовароуннаҳрга қорахонийлар ҳужуми бошлангач (996), С. ўғли Маҳмуд ва биродари Бўғрочиқ бошчилигида Бухорога 20 минг кишилик қўшин жўнатган. Улар билан қорахоний Буғрохоннинг вориси Наср Илоқхон ўртасида сомонийлар амирининг иштирокисиз шартнома тузилиб, сомонийларга Мовароуннахр маркази қолдирилган ва Амударёнинг жан. қисми — бутун Хуросон ҳудудида ғазнавийларнинг ҳукмронлиги тан олинган.

Сабуктегин ҳукмронлик даврида пойтахт Ғазна ш. йирик сиёсий ва маданий марказга айланган. Ғазнага бораётганда (Балх яқинида) вафот этган ва Ғазна атрофидаги АфғонШолида дафн этилган. Қабри устига мақбара қурилган (11-а.). Байҳақий ўзининг «Тарихи Масъудий» номли асарида Сабуктегинни аклли ва адолатли, андишали ҳукмдор сифатида кўрсатиб, унга юқори баҳо берган.

Манба: АбулФазл Бейхаки, История Мас’уда (10301041), Т., 1962, М., 1969; Абу Са’ид Гардизи , Зайн алахбор, Т., 1991.

Ад.: Ҳамиджон Ҳомидий, Кўҳна Шарқ дарғалари, Т., 1999; Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001.

Қаҳрамон Ражабов.