ҚУТЛУҒ НИГОРХОНИМ (? – 1505/ 1506) — Фарғона вилояти ҳукмдори Умаршайх мирзонннт тўнғич хотини. ҚН. нинг отаси Юнусхон Чингизхоннинг 2-ўғли Чиғатойхон наслидан бўлган, онаси Эсон Давлат бегим туман бекларидан Шер Хонибекнинг қизи эди. Юнусхон Эсон Давлат бегимдан 3 қиз кўрган. Қ. Н. ўртанча қиз бўлган. Қ. Н. Умаршайх мирзога узатилгач, ундан бир қиз (Хонзодабегим) ва бир ўғил (Заҳириддин Муҳаммад бобур) кўрган. Доно, оқила, меҳрибон ва вафодор бу аёл Бобурнинг Темурийлар салтанатини инқироздан сақ-лаб қолиш мақсадидаги ҳаракатларида мададкор бўлган, дарбадарлик вақтларида ҳамроҳлик қилган. Бобур Кобулни қўлга киритгандан сўнг, 5—6 ой ўтгач, Қутлуғ Нигорхоним ич терлама касалига чалинади ва дунёдан кўз юмади. У Улуғбек томонидан қурилган Боғи Наврўзийда дафн этилган.
Ад.: Заҳириддин Муҳаммад бобур, Бобурнома, Т., 1989.