ҚАВВАЛИ

ҚАВВАЛИ (араб. қаввал — нотиқ, бахши сўзидан) — Покистон, Шим. Ҳиндистон, Бангладеш, шунингдек, Эрон ва баъзи араб мамлакатларининг айрим воҳаларида кенг тарқалган мумтоз мусиқа жанри. «Қавл» атамаси дастлаб кенг тарқалган ашула шаклларидан бирини англатган. Кейинчалик (тахм. 14-асрдан бошлаб) Шим. Ҳиндистон ҳудуди (Ғурийлар давлати, Деҳли султонлиги)ц. а мусулмон дини тарқалиши ҳамда Ўрта Осиё бадиий анъаналарининг таъсири натижасида Қаввали диний маросимлар билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган, дарвишларнинг самоьларида ҳам қўлланилган. Ўрта аср рисолаларида Қаввали жанри таҳлил этилган («Дар жувозе самаъ», Абу Жалил Бин Абдураҳмон, 1650 ва бошқалар), Қ. нинг илк моҳир ижрочиси ва ижодкори сифатида Хусрав Деҳлавий кўрсатилган («Нағмаи Ушшоқ», Муҳаммад Нурасад Чиштий, 1834 ва бошқалар).

Қаввали метр ва ритм ҳамда рага билан боғлиқ лад асосларининг ривожланганлиги, ижро услуби мураккаблиги, шакли мукаммаллиги билан ажралиб туради. Қ, асосан, иккита етакчи (кучли, кенг диапазонли, чуқур нафасли овозга эга) хонанда, бир неча (одатда, 5—6) жўрнавоз хонанда, сетор, саранги, танпура, фисгармония ва табла каби чолғулардан тузилган созандалар гуруҳи томонидан туркум шаклида ижро этилади. Қаввали кичикроқ, асосий парда тузилмаси ва асар кайфиятини ифодаловчи чолғувокал муқаддима билан бошланиб, мураккаб услубидаги асосий қисм билан давом эттирилади. Унда яккахон хонанданинг бадиҳаларидан кейин бутун жамоа ижро этаётган нақарот қисмлари келади. Жўрнавоз хонандаларнинг нақарот қисмларида қарсак чалиб туриши, суръатнинг тобора тезлашиши Қаввалига хос бўлган хусусиятлардан. 2асосий қисм тўла гуруҳ томонидан ижро этилиб, аниқ усул ва муайян шеърий матн (Хусрав Деҳлавий, Кабир, Тулси Дас, Мирза Ғолиб ва бошқаларнинг муҳаббат, ватанпарварлик ва диний мавзудаги қасида, рубоий ва ғазал)ларга асосланади. Қаввали ҳозирда диний маросимлар билан бирга концерт дастурлари, кино мусиқасидан ҳам кенг ўрин олган.

Муҳиддин Носиров.