ҚАВАРИШ

ҚАВАРИШ — турли механик таъсирлар натижасида баданнинг бирор соҳаси терисига шикаст етиши. Кўпинча оёқ бармоқлари ва товон қаваради. Оёқ терлаши, пойабзални нотўғри танлаш, тери парваришига риоя қилмаслик ва бошқалар Қга сабаб бўлади. Қ қўл кафтида (ер чопганда ва бошқалар хил жисмоний меҳнат қилганда), қўлтиқ ости ва бўйинда (қаттиқ ёқали, крахмалланган, чоклари нотекис ич кийим кийиш оқибатида) ҳам учраши мумкин. Қаварган жой ачишиб оғрийди, доим намланиб туради, териси шилиниб қизаради, бир оз шишади, сўнфа ичида суюқлик тўла пуфакча (сувли қадоқ) ҳосил бўлади, кейинчалик пуфакча ёрилиб, юза ярага айланади; шу жой териси сувланиб туради. Қаварган жойни калий перманганатнинг нимранг эритмаси билан ювиш ёки ванна қилиш, сўнфа авайлаб артиш; пуфакчалар пайдо бўлса, бриллиант яшили ёки метилен кўки суртиб, стерил боғлов қўйиш зарур. Қаварган жой катта бўлса ёки у йиринг бойласа, дарҳол врачга учрашиш лозим. Агар Қаваришнинг олди олинмаса, тери ичига микроблар ўтиб, терининг йирингли касалликлари юзага келиши мумкин. Қаваришнинг олдини олишда оёққа мос пойабзал танлаш, кўп терлашни даволаш, ич кийимларни тез-тез алмаштириб туриш, терини тўфи парвариш қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Жисмоний иш қилганда (хаскаш, бел, кетмон билан ишлаганда) қўлқоп кийиб олиш керак.