ҚАБЗИЯТ

ҚАБЗИЯТ (араб. — тутилиш, қисилиш, қотиш) , ич қотиши — узоқ вақт (2 суткагача) ич келмаслиги ёки қийинлик билан келиши; нотўғри овқатланиш, нерврегуляция фаолиятининг бузилиши, ичак касалликлари ва бошқаларда кузатилади. Қабзият касаллик белгиси, баъзан эса мустақил касаллик ҳисобланади. Яшаш шароити ўзгартирилганда, сафарга чиққанда ҳам баъзан Қабзият рўй бериши мумкин.

Ичакнинг турли қисмлари ўсма, бавосил тугуни билан торайиб қолганда, тўғри ичакда ахлат йиғилганда («ахлат тоши») ҳам ич қотади (механик Қабзият). Қ. нинг атоник ва спастик (функционал) хили ҳам бор. Организмнинг умумий тонуси сусайганда, юқумли касаллик билан оғриб, узоқ вақт ётиб қолганда, одамнинг қони камайиб, озиб кетганда, деярли қолдиқ чиқармай, яхши ҳазм бўладиган енгил овқат (қанд, сутли овқат, тухум, гўшт) истеъмол қилинганда атоник Қабзият пайдо бўлади. Ақлий меҳнат билан шуғулланиб, кам ҳаракат қилганда, овқатланиш режими бузилганда атоник Қабзият кўпинча одат тусига кириб қолади. Ични бўшатиш эҳтиёжи туғилганда бўшанмасдан, истак қайтара берилганда ҳам Қабзият кузатилади. Ҳадеб клизма қилиш ва сурги дорилар ичавериш атоник Қабзиятга сабаб бўлади.

Ичакнинг айлана мускуллари узоқ тортишиб қолганда (спазм) с п а с т и к Қ. рўй беради. Вегетатив нерв системасининг ўта таъсирланиши (руҳий кечинмалар ва бошқалар) спазмга сабаб бўлади. Қўрғошин, анилин бўёғи, никотин (чекиш)дан сурункали заҳарланиш натижасида пайдо бўладиган Қабзият ҳам спастик Қабзиятга киради.

Қабзиятда қорин оғир туюлади, тирсиллаб туради, мижғиб оғрийди, иштаҳа бўғилади, оғиз бемаза бўлади, бош оғрийди, кўнгил ғаш бўлиб, иш қобилияти пасаяди.

Д а в о с и : Қ. сабабига қараб олиб борилади. Атоник Қабзиятда кўп ҳаракат қилиш, сут ва ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган овқат, сабзавот, ҳўл мева, сут, қатиқ тавсия этилади. Одат тусига кириб қолган Қабзиятда ичакни бўшатиш шартли рефлекси вужудга келтирилади; ҳар куни эрталаб маълум вақгда ичакни бўшатишга ҳаракат қилинади. Наҳорга бир стакан совуқ сув ёки мева шарбати, қатиқ ичиш шартли рефлекс вужудга келтиришга ёрдам беради. Касалликнинг олдини олиш учун ҳар куни эрта билан бадан тарбия қилиш (қорин мускуллари машқи), умуман организмни чиниқтириш, кун тартибини тўғри ташкил қилиш, витаминларга бой овқатлар ейиш керак.