ҚУТБИДДИН ОЙБОҚ

ҚУТБИДДИН ОЙБОҚ — Деҳли султонлигининг асосчиси ва 1-ҳукмдори (1206—10). Ўртаосиёлик туркийлардан, ўтмишда ғулом бўлган. Ғур ҳокими Шаҳобиддин Ғурий (Муҳаммадшоҳ) саройида юқори мансабларни эгаллаган. 1192 й. Қ. О. Шаҳобиддин Ғурийнинг Ҳиндистонга қилган юришида қатнашган ва Шим. Ҳиндистондаги бир қанча князликлар (ҳокимликлар) тор-мор қилингач, Ғур ҳукмдорининг Ҳин-дистондаги мулклари ноиби этиб тайинланган. Шаҳобиддин вафотидан сўнг ўзини мустақил ҳукмдор — султон деб эълон қилган (1206). Давлат пойтахтлари — Лоҳур, сўнгра Деҳли бўлган. Шаҳобиддиннинг Ҳиндистон ва Афғонистон ҳудудидаги бошқа ғуломлари, шунингдек, ҳинд рожалари билан урушлар олиб борган. Унинг даврида Деҳли ва Ажмирда бунёд этилган мас-жидлар ҳинд-мусулмон меъморлигининг буюк ёдгорликлари ҳисобланади.