ҚУТБ ХОРАЗМИЙ

ҚУТБ ХОРАЗМИЙ (14-а., Хоразм – ?) — шоир, таржимон. Ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи ягона манба унинг «Хусрав ва Ширин» дос-тонидир. Қутб Хоразмийнинг ижодий камолот йиллари Хоразмнинг Олтин Ўрда давлатига қарам бўлган даврига тўғри келади. Достонини Сиғноқ ш. да ёзган (1330—40). Фақирликда яшаган Қутб Хоразмий «Хусрав ва Ширин» дек кўп вақт ва машаққатни талаб қиладиган катта ҳажмли асарни ёзиш учун моддий ёрдам сўраб, Олтин Ўрда хони муҳаммад Ўзбекхоннинг (1312— 40) Оқ Ўрдадаги ноиби бўлмиш шаҳзода тинибек ҳузурига борган. Тинибек ва унинг давлат ишларида фаол кўмакчиси бўлган хотини Қутб Хоразмийни илиқ кутиб олиб, унинг ижод қилиши учун барча шартшароитларни яратиб берганлар. Шоир ўз асарида маликани «ҳар ишни тарозида ўлчаб, зеҳн билан фикр юритувчи оқила, комила» аёл сифатида мадҳ этиб, унинг давлат ишларидаги фаол иштирокини кўрсатган.

«Хусрав ва Ширин» Низомий Ганжавий қаламига мансуб шу номдаги достоннинг эркин таржимасидир. Айрим сабабларга кўра, бу асар ўз даврида кенг тарқалмай, шуҳрат қозонмаган. Достон амир Қутлу Хўжанинг тавсияси билан 1383—84 й. ларда Мисрда Берка Фақиҳ ибни Бароказ Эдгу Қипчоқий томонидан кўчирилган. Бу қўлёзма 1914 й. да Париж Миллий кутубхонасидан (инв. 312) топилиб, илмий муомалага киритилган ва шарқшунослар ўртасида шуҳрат топган. 1940 й. да Алишер навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш қўмитаси томонидан унинг фотонусхаси олиниб, Ҳ. Зариф томо-нидан нашрга тайёрланган. Достон 91 бобдан иборат. Низомий достони эса 100 бобдан иборат бўлиб, 6 мингдан зиёдроқ байтни ўз ичига олади. Таржимон аслият мазмунини, асар сюжетини сақлаб қолиш билан бирга, уни анча эркин таржима қилган. Жумладан, асар муқаддимасига «Шаҳзода Тинибекхон мадҳи», «Малика марҳума Хонмалик мадҳи», «Китоб назм қилмоққа сабаб баёнин аюр» бобларини қўшган. Айни пайтда, достоннинг умумий мазмунига алоқасиз ҳисоблаганидан бўлса керак, бир қатор бобларни қисқартирган, айрим бобларни ихчамлаштириб, бирбирига қўшиб юборган. Шунингдек, Низомий достонидаги 12-а. Озар-байжон ҳаётига оид айрим лавҳаларни тушириб қолдирган, қисқартирган ва таҳрир қилган, уларнинг ўрнига Олтин Ўрда ҳаётига доир воқеаларни киритган, турли хил урф-одатлар тас-вирини бериб, достонни ўз даврига яқинлаштирган, унга ўзбек халқ мақоллари ва таъбирларини киритган.

Қ. Х. Низомий достони асосида ўзбекча достон яратиш ва унинг воситасида ўзбек тилининг бой имкониятларини намойиш қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва у буни муваффақият билан уддалаган. Бу таржима ўша давр ўзбек тилини ўрганиш учун муҳим манба бўлибгина қолмай, ўзбек тили ва адабиётининг тараққиётида ҳам катта роль ўйнаган.

Қутб Хоразмий таржимасидаги «Хусрав ва ширин» ўзбек адабиётида маснавийнинг «Қутадғу билиг» ва «Ҳибат ул-ҳақойиқ» дан кейинги нодир намунасидир. У достонни ўз вазнида — ҳазажи мусаммани мақсур (маҳфуз)да таржима қилган. «Хус-рав ва Ширин» ўзбек эпик шеърияти тараққиётида ҳам, бадиий таржима ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади.

Ас: Гулдаста, Т., 1947; Х1У аср Хоразм ёдномалари, Т, 1973.

Ад.: Шарипов Ж., Ўзбекистонда таржиматарихидан, Т, 1965; Маллаев Н . М ., Ўзбек адабиёти тарихи, Т., 1976; Ўзбек адабиёти тарихи, 1-ж., Т, 1978; Қайюмов П ., Тазкираи Қайюмий, 1-китоб, Т, 1993.

Эргаш Очилов.