ҚУНҒИР ТУПРОҚЛАР

ҚУНҒИР ТУПРОҚЛАР, чўл ва дашт қўнғир тупроқлари — тупроқ типи. Асосан, чала чўлларда, Каспий ва Орол денгизларининг шим. соҳиллари ҳамда Қозоғистон паст тоғларинингжан. қисмида тарқалган. Қунғир тупроқлар ювилмайдиган сув режимига эга бўлган, тупроқда нам етарли бўлмаган, буғланиш ёғинлар миқдорига нисбатан 4—5 марта кўп, муҳити ишқорий, иқлими кескин континентал — ёзи иссиқ, қиши совуқ, йиллик ёғин миқдори 100 — 250 мм бўлган ҳудудларда шаклланади. Тупроқ ҳосил қилувчи жинслар, асосан, лёссимон қумоқлар ва турли даражада шўрланган аллювиал-кўл чўкиндиларидан иборат.

Қунғир тупроқлар таркибидаги гумус миқдорига қараб 2 типчага бўлинади: типик Қунғир тупроқлар (гумус миқдори 1,5—2%) ва оч қўнғир тусли Қунғир тупроқлар (гумус миқдори 1 — 1,5%). Гумус миқдори механик таркибига кўра юқори қатламларда 1,5—2% гача, қумоқ ва қумли тупроқларда 0,4—1% атрофида. Умумий азот тупроқнинг юқори горизонтларида 0,11-0,18, фосфор 0,06-0,2%. Қ. т. дан, асосан, чорвачиликда қўйлар боқиш учун яйловлар сифатида фойдаланилади. Шамол эрозияси кучли ривожланганлиги сабабли унга қарши кураш тадбирларига алоҳида эътибор берилади. Яйловлар ҳолатини яхшилашда лиман усулида суғоришлан фойдаланиш мумкин.

Ҳодимат Махсудов.