ҚУМЛИ ТУПРОҚЛАР

ҚУМЛИ ТУПРОҚЛАР — тупроқ тури; механик таркибида 0,05—1,0 мм ли қум заррачалари кўп (90—100%), 0,01 мм дан кичик заррачалар миқдори 10% га яқин, 0,001 мм дан кичик майда заррачалар 2—4%дан ошмайди. Қумли тупроқлар юза қисмида юпқа, юмшоқ (ҳавол) қумли қуруқ қават бўлиб, чуқурлашган сари эфемер ўтлар илдизи аралашиб кетган ўткинчи горизонт ётади. Қумли тупроқлар чўл минтақасида шу зонанинг асосан тақирлар, тақирли тупроқлар ва ўтлоқи тупроқлари билан бир комплексда ҳамда қад. дарё, сойларнинг қуруқ дельталари ва б. да тарқалган. Қумли тупроқлар, одатда, қатламининг юпқалиги, органик модда (чиринди) миқдорининг камлиги (энг юқори қаватда ҳам 0,5% дан ошмай-ди), сув сиғимининг пастлиги ва б. ўсимлик ўсиши учун ноқулай хоссалари билан ажралиб туради; бундай тупроқлар шамол эрозияси (дефляция) га жуда мойил. Қумли тупроқлардан суғорма деҳқончиликда жуда кам фойдаланилади. Марказий Фарғона, Қуйи Амударё ва бошқа р-нлардаги чўл Қумли тупроқлар ининг кичиккичик массивлари ўтлар экиш ва б. усуллар ёрдамида ўзлаштирилган.