ҚУМЛИ ЧЎЛ ТУПРОҚЛАРИ — қумда ўсувчи ўсимликлар тагида шаклланадиган тупроқ типи. Илдиз-чириндили қатлами ўсимлик қолдиқларининг чириши ҳисобига ҳосил бўлади. Қумли чўл тупроқлари Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Фаргона водийси, Қорақалпоғистон, шунингдек, Туркманистон ва Тожикистонда тарқалган. Қумли чўл тупроқлари юзаси (5—6 см)да ҳар жойдан бир ўсимлик пояси ёки илдизи ўсиб чиққан қуруқ сочилувчан қумдан иборат. Бу тупроқлар таркибида чиринди миқдори жуда кам (0,1—0,5%) бўлиб, 30—35 см чуқурликкача учрайди. Ялпи шаклдаги азот ва фосфорнинг миқдори жуда кам. Тупроқ профилида карбонатларнинг доғ, сочилган ва б. шакллардаги ҳосилалари кўриниб туради. Тупроқ реакцияси кучсиз ишқорли ёки ишқорли. Қумли чўл тупроқлари шўрланмаган ёки кучсиз шўрланган (сувда эрийдиган тузлар 2 м ва ундан чуқурда жойлашган; 1,5—2,0%). Кўпинча тузларнинг асосий қисмини сувда кам эрийдиган сульфатлар ташкил этади. Шунинг учун ўзлаштиришнинг дастлабки йилларида бу тупроқдар шўри ювилмайди. Бу тупроқларнинг сингдириш комплекси, асосан, кальций ва магнийдан иборат (сингдириш сиғими жуда кам — 5,0—6,0 мг. экв). Бу тупроқларнинг сув ўтка-зувчанлиги жуда кучли бўлгани учун суғориш суви тупроқнинг ўсимлик илдизлари ривожланадиган қисмида ушланмай, эгат бошидаёқ тезда қуйи қатламларга шимилиб кетади. Тупроқларнинг сув ўтказувчанлигини камайтириш учун кольматаж (лойқали сув билан суғориш) қилинади. Шамол эрозиясига қарши курашда кўп йиллик ўтлар ва ўрмон дарахтлари экишдан ташқари полимер препаратлардан (К-4, латекс ва б.), шунингдек, соз-қумоқли материаллардан фойдаланилади.
Ходимат Махсудов.