ҚУМБУЛ

ҚУМБУЛ, қунбул, қанбул (мўғулча — «марказни қуршамоқ», «қанот муҳофазачиси») — қўшин қанотларини душман ҳужумидан ҳимоя қилувчи суворий ҳарбий қисм. Маълумки, Амир Темур жаҳон ҳарбий санъати тарихида 1-бўлиб армияни жанг майдонида 7 қўлга бўлиб жойлаштириш тартибини жорий этган. соҳибқироннинг ҳарбий иш ривожига қўшган улкан хизматларидан яна бири лашкар қанотларини жанг пайтида душман ҳужумидан муҳофаза қилиш ва аксинча ғаним кучларини 2 ён томондан айланиб ўтиб, унга ортдан кучли зарба бериш мақсадида Қумбул тузилган. 5 қисмдан иборат жанговар тартибнинг ўнг ва сўл қанотлари учига Қумбул жойлаштирилган. Бундай янги ҳарбий қисм тарихнинг гувоҳлик беришича, ўтмишдаги атокли саркардалар қўшинида бўлмаган.