ҚУДДУС

ҚУДДУС, Иерусалим (араб. АлҚудс, қад. яҳудий тилида Иерушалаим) — Фаластиндаги шаҳар, Ўлик денгизнинг ғарбидаги чала чўлли ясситоғликда жойлашган. Аҳолиси 692,3 минг киши (2003). Транспорт йўллари чорраҳаси. Саноат, савдо-транспорт ва маданият маркази. Тўқимачилик, кўн-пойабзал, металлсозлик, фармацевтика, полиграфия, радиотехника саноати корхоналари мавжуд. Олмосга ишлов берилади. Ҳунармандчилик ривожтанган. Қуддус — мусулмон, яҳудий ва христианларда «муқаддас шаҳар» ҳисобланади.

Қуддус ҳақидаги дастлабки маълумотлар мил. ав. 2-минг йилликнинг ўрталарига тўғри келади. Дастлаб Рушалимум (Шалим худоси шаҳри), ёзма манбаларда мил. ав. 15-а. дан Урушалаим номи билан тилга олинган. Иерушалаим қад. яҳудийлар тилида «тинчлик шаҳри», арабча алҚудс — «муқаддас» шаҳар маъноларини англатган. Шаҳар қад. ва ўрта асрларда турли давлатлар (Яҳудийлар подшолиги, Рим империяси, Византия, Араб халифалиги, усмонли турк салтанати) таркибида бўлган.

1920—47 й. ларда Фаластин ҳудудидаги инглизлар мандатининг маъмурий маркази. 1947 й. 29 нояб. даги БМТ қарорига мувофиқ мустақил маъмурий бирлик қилиб ажратилган. 1948—49 й. лардаги араб-исроил уруши натижасида Исроил (ғарбий қисми) билан Иордания (шарқий қисми) ўртасида иккига бўлинди. 1950 й. да Қуддуснинг ғарбий қисмини Исроил ҳукумати БМТ қарорига хилоф равишда мамлакат пойтахти деб эълон қилди. 1967 й. да Исроил Қуддуснинг шарқий қисмини ҳам босиб олди ва 1980 й. 30 июлда Қуддусни «абадий ва бўлинмас пойтахт» деб эълон этди. БМТнинг (1967 — 71) қарорларига мувофиқ қ. бўйича барча аннексиялар бекор қилинган.

Шаҳар 2 қисм: эски шаҳар ва янги шаҳардан иборат. Эски шаҳар 16-а. да қалъа девори билан ўралган. Мусулмон, яҳудий ва христианлар даҳалари ажралиб туради. Меъморий ёдгорликлардан эллинизм ва рим даври ҳамда араб маданияти ёдгорликларидан Қуббат ас-Саҳро, алАқсо масжидлари ва черковлар, қалъалар сақланган. 19-а. нинг 2-ярмидан қурила бошлаган янги шаҳарда замонавий бинолар, ун-т мажмуаси, тиббиёт маркази, миллий музей, яҳудий ун-ти (1918) ва б. бор.