ҚОЗОҒИСТОН ПАСТ ТОҒЛАРИ

ҚОЗОҒИСТОН ПАСТ ТОҒЛАРИ, Сариорқа, Марказий Қозоғистон паст тоғлари — Қозоғистоннинг марказий ва шарқий қисмларида жойлашган ҳамда паст тоғлар ва тизмалари бўлган текислик-қирли ҳудуд. Шим. да Ғарбий Сибирь, шим,-шарқда Олтой тоғлари, Зайсан ботиғи. шарқда Тарбағатой, жан. ва жан.-ғарбда Турон текислиги, БалхашОлакўл ботиғи, Бетпакдала чўли, ғарбда Тўрғай платоси билан ўралган. Ушбу ҳудуд илмий адабиётларда «Марказий Қозоғистон», «Қозоғистон бур-мали ўлкаси», «Шарқий Қозоғистон пенеплени», «Сариорқа» номлари билан маълум. Ғарбдан шарққа 1500 км га чўзилган. Эни ғарбида 950 км, шарқий қисмида 350—400 км. Ер юзаси текис, фақат 2 тоғ: ғарбида Улуғтов (113 м) ва шим. да Кўкчатов қирлари (Синюха тоғи, 947 м) бор. Шарқий қисми баландроқ (ўртача 500—1000 м) ва рельефи ўр-қирли. Қозоғистон паст тоғларининг энг баланд жойи — марказий қисмидаги Қар-қарали тоглари (1565 м). Шарқида Чингизтов тизмаси (1077 м) жойлашган. Паст тоғлар (мутлақ бал. 500—600 м) Қозоғистон паст тоғларини ўраб олган. Қозоғистон паст тоғлари палеозой даврининг метаморфик сланец, кварцит, қумтош ва оҳактошларидан тузилган. Иқлими кескин континентал, ёғин кам, қуруқ. Қиши совуқ, қор қоплами қалин эмас. Ёзи иссиқ, булут кам. Ҳаво т-раси амплитудаси катта, янв. нинг ўртача т-раси —14°, —18°, июлники 20—24°. Йиллик ёғин 200—300 мм. Энг йирик дарёлари: Ишим (Иртиш ҳавзаси), Нура, Сарисув. Дарёлари қишда музлайди. Кўл кўп. Қозоғистон паст тоғларининг шим. қисми дашт зонасида бўлиб, ҳар хил ўт, бетага-чалов, маркази қуруқ дашт зонасида, тўқ каштан ва каштан тупрокларда бетага-чалов ўсимликлари, жан. ва шарқий қисми чала чўл зонасида бўлиб, оч каштан тупроқларда дашт ва чўл ўсимликлари ўсади. Муҳим табиий қазилма бойликлари кўмир, темир, марганец, мис, рух, никель рудалари, боксит, қўрғошин, фосфорит, калий ва ош тузи конларидир. Қурғалжи қўрикхонаси ва Барнаул миллий боғи ташкил этилган.

Ад.: Джаналиева К . М ., Будникова Т. К. и др., Физическая география Казахстана и Средней Азии, Л., 1965; Баратов П., Маматқулов М., Рафиқов А.. Ўрта Осиё табиий географияси, Т., 2002.

Мурод Маматқулов.