ҚОСИМОВЛАР ПОДШОЛИГИ

ҚОСИМОВЛАР ПОДШОЛИГИ — Москва буюк князи Василий II томонидан татар хонлари учун ажратилган ҳудудда тузилган кичик подшолик (14451681). Қосимовлар подшолиги Ока дарёси бўйлаб (ҳоз. Рязань вилоятининг шим.-шарқий қисмида) татарлар, мишарлар, мордвалар, қис-ман руслар яшайдиган ҳудудни эгал-лаган. Дастлабки подшо Қозон хони Улуғ Муҳаммаднинг ўғли Қосимхон бўлган (тахм. 1445—56). Маркази — Қосимов ш. Подшолик ва шаҳарнинг номи ҳам унинг асосчиси Қосимхон исмидан олинган. Хонлик аҳолиси, асосан, деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Хонлик сиёсий ҳаётида манғит, арғин, жалойир, қипчоқ каби туркий уруғлар етакчи роль ўйнаган.

Қосимовлар подшолиги хонлари Москва томонида туриб Қозон хонлигига қарши ҳарбий курашларда қатнашган (1467—69, 1487, 1552). Мас, ака-ука хонлар Шоҳ Али (1516—67) ва Жон Али Қозон хонлигини 1519—21, 1532 — 36, 1546,1551 й. ларда бошқаришган. Шоҳ Али Ливония урушида рус армиясига қўмондонлик қилган (1557 — 58). Қозон хонлиги Русь томонидан босиб олингач (1552), Қ. п. хонларининг нуфузи анча пасайган. Бироқ хонлар 16-а. охири ва 17-а. да ҳам рус дипломатлари учун Усмонли турк султонлари ва б. ислом давлатлари олдида «мусулмон ҳукмдорлари» сифатида бир дастак вазифасини ўтаган. Саид Бурҳон (ҳукмронлик даври: 1627—79) даврида хонлик аҳолисини мажбуран христиан динига киритиш бошланганлиги учун татарлар қўзғолон кўтаришган (1656). Сўнгги хон Фотима Султон Бегим вафот этгач (1681), Қ. п. ўз фаолиятини тугатган ва у Москва давлатига қўшиб юборилган.

Ад:. Шарифуллина Ф., Касимовские татарм, Казань, 1991.