ҚЎШИН

ҚЎШИН — уруш хавфи туғилганда ёки ҳарбий юриш олдидан шаҳар, вилоятларда тўпланган ҳарбий қисм, лашкар; кенг маънода — кўп сонли ҳарбий қисм (корпус, армия). 13 — 14-а. лардан эътиборан туркий тиллар-да, хусусан, ўзбек адабий тилида қошунтарзида қўлланила бошлаган. Чингизийлар ҳарбий истилоҳлари тизимидан ҳарбий қисм, тузилма маъносида ўрин олган. Темурийлар даврида минг ёки ундан оз жангчилардан иборат аскарий гуруҳ Қўшин деб номланган. Низомиддин Шомийнинг таъкидлашича, бир ўринда Амир темур 200 кишидан 4 та Қўшин тузишни буюрган. Яна бир жойда 600 аскардан 7 та Қўшин тузилганлиги айтиб ўтилган. Абдураззоқ Самарқандий «Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асарида 1405 й. воқеаларини тасвирлаганида Мироншоҳ Мирзонинг ўғли Умар Мирзо ҳар бири 500 отлиқдан ташкил топган 47 Қўшинни кўрикдан ўтказганини қайд этади. Кейинги даврларга келиб Қўшин юқорида қайд этилган атамаларнинг деярли барчасини ҳарбий терминлар тизимидан сиқиб чиқарган ва армия маъносини ифодалаш учун ишлатилган.

«Қўшин» атамаси замонавий қуролли кучлар турлари, Қўшин турлари, махсус Қўшинлар, шунингдек, оператив ва ҳудудий бирлашмаларнинг ҳарбий куч ва воситаларининг умумлашган номларини ифодалаш учун қўлланади.