ҚОРАБАЙИР ОТ ЗОТИ

ҚОРАБАЙИР ОТ ЗОТИ — салт миниладиган ва аравага қўшиладиган, қ. х. ишларини бажаришда фойдаланиладиган от зоти. Қадимги Ўрта Осиё арғумоқларини мўғул, туркман ва араб от зотлари билан чатиштириб, такомиллаштириш асосида Ўзбекистонда етиштирилган. «Қорабайир от зоти» атамаси 19-а. нинг 2-ярмида пайдо бўлган ва «қўлбола», «хонаки от» маъноларини билдиради. Унга қадар Шарқ ва Ғарб ёзма манбаларида Бухоро, Қўқон, Самарқанд ва ҳ. к. отлари тилга олинган. Тана тузилиши йирик, кўкракдор, қовурғалари тикроқ, ишчанлик хусусиятлари юқори, кучли, чидамли, чопқир, маҳаллий иқлимга, тоғ шароитларида боқишга, уюрда қочиришга яхши мослашган; оғирлиги ўртача 400 кг. Туси кўпроқ тўриқ, жийрон, кулранг ёки тўқ сариқ-малла (20%), қора ва саман ранглилари кам учрайди. Айғирларининг қарчиғайи бал. 147,7—152,3 см, кўкрак айланаси 168—171,5 см, почаси йўғонлиги 19,5 см (биялариники тегишлича 147,7; 168; 18,2). Уч типга бўлинади: аравага қўшиладиган, салт миниладиган ва салт миниладиган-юк ташийдиган. биринчи типдаги отлар, асосан, суғориладиган деҳқончилик р-нларидаги водийларда; иккинчи ва учинчи типдагилари эса Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тоғли р-нларида боқилади. Уюр қилиб боқишга мослашган; салт миниш, юк ташишда фойдаланилади. Юк ташишда оғир юк тортувчи отларга тенглашади. Қорабайир от зоти Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистонда урчитилади. Қорабайир йилқичилигининг асосий марказлари Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида. Тожикистоннинг Суғд вилоятидаги отларнинг аксарият қисми Қорабайир от зотидан иборат.

Ад.: Шчекин В. А., Карабаиры — ценная порода лощадей, Т., 1944; Шчекин В. А., Вихрев В. С., Карабаир, Т., 1947; Тўрақулов З. Т.. Йилқичилик, Т., 1985.

Абдусаттор Амиров.