ҚОРА БАЛИҚЛАР

ҚОРА БАЛИҚЛАР, маринкалар — карпсимонлар оиласига мансуб балиқлар уруғи. Уз. 50—70 см гача (одатда, 25—45 см), вазни 8 кг гача (одатда, анча кам). Орқа сузгичида майда тишчали тиканлари бор; орқа чиқарув тешиги яқинидаги тангачалари бирмунча йирикроқ. Осиё қитъасидаги сув ҳавзаларида, шунингдек, Амударё ва Сирдарёда кенг тарқалган. Майдан августгача 13,5—28 мингтагача увилдириқ ташлайди. Шу даврда увилдириқлари, қорин бўшлиғи девори пардаси заҳарли бўлиши мумкин. Ўзбекистонда тоғ дарёлари ва сойларда оддий Қора балиқлар тарқалган. Ёш балиқчалар бентос ҳайвонлари ва ўсимлик билан озиқланади. Вояга етган Қора балиқлар йиртқич.