ҚЎПОРУВЧИЛИК

ҚЎПОРУВЧИЛИК — портлатиш, ўт қўйиш ёки бошқа усул билан корхоналар, иншоотлар, йўллар, алоқа воситаларини ёхуд бошқа давлат, жамоат мулкини бузиш ёки шикастлантириш, ёппасига заҳарлаш ёки эпидемиялар ва эпизоотиялар тарқатиш (ҳайвонларга касаллик юқтириш) ва ҳ. к. Ўзбекистон жиноят ҳуқуқида — Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлардан бири. Қўпорувчилик содир этилиши натижасида мамлакат халқ хўжалигининг муҳим объектлари йўқ қилиниши мумкин. Бу эса иқтисодиётга катта зиён етказади. Қўпорувчилик натижасида одамлар ҳалок бўлади, уларнинг соғлиғига зарар етказилади, аҳолининг руҳий ҳолатига салбий таъсир этилади, саросимага тушиш ва б. салбий ҳодисалар юз бериши мумкин. Қўпорувчиликнинг ҳайвонларни қириб, нобуд қилишга йўналтирилган тури ҳам бор, қўпорувчилар бу билан халқ хўжалигини барбод этиш мақсадини кўзлайдилар. Кишиларни заҳарлаш, юқумли касалликлар тарқатиш шаклидаги Қўпорувчилик ҳаракатлари ҳам оғир жиноятлардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ЖКга кўра, давлат органлари фаолияти ёки ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигига ёки иқтисодиё-тига путур етказиш мақсадида одамларни қириб юбориш, уларнинг соғлиғига зиён, мулкка шикаст етка-зиш ёки уни нобуд қилишга қаратилган ҳаракатлар содир этган шахслар 10 й. дан 20 й. гача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (161-модда).