ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ — барча давлат ҳокимияти органлари фаолиятида конституция, қонунлар олий юридик кучга эга бўлиб, уларнинг ҳокимият чиқарадитан бошқа ҳамма меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномалардан устун туриши. Қонун устуворлиги жамиятда демократия ва қонунчилик таъминланишига хизмат қилувчи тамойилдир. Бу тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида мустаҳкамланган: «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар». Қ. у. тамойили биринчидан, жамият ҳаётининг барча жаб-ҳаларида қонунларнинг қатъий ҳукмронлигини билдириб, юқорида таъкидланганидек, барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг конституция ва қонунларга сўзсиз итоат этишида; иккинчидан, ижтимоий муносабатларнинг жамият, фуқаро ва давлат манфаатларига мос тарзда тартибга солинганини англатиб, мамла-кат миқёсида барқарорлик, батартиблик ва қонуний тартибот муҳити ўрнатилганида; учинчидан, ҳуқуқ бузилиши ҳолларининг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқий муносабат иштирокчилари қонунни бузган тақдирда қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун қонунларнинг ҳуқуқий асос вазифасини бажаришида намоён бўлади.
Мамлакатда ҳокимиятлар бўлиниши принципининг реал жорий этилганлиги Ўзбекистонда конституция ва қонунлар устунлигини таъминлашнинг муҳим кафолатидир. Унга кўра, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бўғинлари ўзларининг консти-туцияда, қонунда белгиланган ваколатлари доирасида фаолият юритадилар. Улар ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштиришда энг олий ҳакам қонундир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, мамлакат президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир (93-модда). Президентнинг бу борадаги фаолияти муҳим сиёсий-юридик аҳамиятга эга. У ўз фармонлари, қарорлари билан конституциявий тамойилларнинг, қонунларда мустаҳкамланган қоидаларнинг ҳаётга тўла жорий этилиши учун йўл очади, тегишли ҳуқуқий механизмларни яратади. Ўзбекистон Республикаси Президен-тининг «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида» фармойиш қабул қилганлиги (2001 й. 4 янв.) жамиятда Кон-ституциянинг мавқеи ва нуфузини кўтаришга қаратилган муҳим тадбир бўлди. Гарчанд, фармойишнинг асосий мақсади аҳоли орасида конституциявий саводхонликни, ҳуқуқий маданиятни оширишдан иборат бўлса ҳам, бу пировардида, Конституциянинг эъзозланиши, унга устувор тарзда амал қилинишига пухта замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (1997 й. 9 окт.) умуммажбурий тусдаги идоравий норматив ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга мослигини таъминлаш вазифаси Адлия вазирлигига юклатилиб, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб этилган. Расмий тарзда рўйхатдан ўтмаган идоравий норматив ҳужжатлар юридик кучга эга бўлмайди, уларни ҳаётга жорий этиш мумкин эмас. Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашда прокурор назоратининг роли каттадир. Мазкур вазифа доирасида прокуратура идоралари муайян қонунлар ижросини бевосита бажарувчи вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, қонун бузилишининг олдини олиш, унинг сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш чора-тадбирларини кўрадилар. Қонунни қўпол бузиш ҳоллари аниқланганда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Ўзбекистонда конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлаш учун ташкилий-ҳуқуқий кафолатлар ва юридик механизмлар муттасил такомиллаштирилиб, уларнинг самарадорлигини ошириб бориш лозим.