ҚОНУН

ҚОНУН — Ўрта ва Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган торлитирнама чолғу. Унинг асоси қанотсимон, ясси қути шаклида бўлиб, ёғочдан ишланади. Мазкур қисмининг устига ёғочдан йўнилган қопқоқ қопланади. Қопқоқ устига торларни кўтариб турувчи кўтаргичлар ўрнатилади. Қонуннинг умумий уз. 800—900 мм, эни 380—400 мм атрофида, торлар сони 72 дона (ҳар бир товуш учта тордан иборат) бўлиб, ичак, ҳозирда капрон ва металлдан ишланади. Товушқатори темперация қилинган, умумий диапазони 3 октавадан ошади. Қонун тиззага қўйилган ҳолда, кўрсаткич бармоқларга кийдирилган махсус мосламалар ёрдамида тирнаб чалинади. Ўрта асрларда Дарвиш Аҳмад Қонуний (15-а.), Жаъфарий Самарқандий (15-а.), Амир Али Акбарий Самарқандий (16-а.) каби машҳур қонунчилар ўтган. Қ. Ўзбекистонда 1930 й. ларгача ишлатилган, 1980 й. созанда (чангчи ва Қонун чи) Абдураҳмон Холтожиев томонидан қайта ижодий амалиётга киритилган. Ҳозирда Қонун ижрочилигида А. Асқаров, Р. Ҳайдарова каби созанда-ўқитувчилар танилган.