ҚЎНҒИРОТ ТУМАНИ

ҚЎНҒИРОТ ТУМАНИ — Қорақалпоғистон Республикасидаги туман. 1927 й. 3 июлда ташкил этилган. 1963 й. Хўжайли туманига қўшиб юборилган. 1964 й. 22 фев. дан қайта тузилган. Шим – шарқдан Мўйноқ тумани, шарқдан Амударё орқали Бўзатов, жан.-шаркдан Қанликўл, Шуманай туманлари, жан. дан Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти, ғарб ва шим. дан Қозоғистон Республикасининг Атеров ва Оқтўба вилоятлари билан чегарадош. Майд. 74,49 минг км2. Ҳудуди жиҳатидан Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ичида энг каттаси. Аҳолиси 113,2 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳар (Қўнғирот), 6 шаҳарча (Жаслиқ, Олтинкўл, Оқшўлақ, Элобод, Қорақалпоғистон, Қубла-Устюрт), 9 қишлоқ фу-қаролари йиғини (Ажиниёз, Наврўз, Орнек, Равшан, Суэлли, Устюрт, Хоразм, Қипчоқ. Қўнғирот). Маркази — Қўнғирот ш.

Табиати. Ер юзаси. асосан, Устюрт платосидан иборат. Ўртача бал. 150—200 м. энг баланд жойи 290 м (туманнинг ғарбий қисмидаги Қорабо-вур қирида). Марказий қисмида Борса-келмас, шарқида Қораумбет шўрхоклари, жан. да Асакаовдон ботиғи, Туркманистон билан чегарадош худудида Қоплонқир текислигининг ва Сариқамиш кўлининг шим. қисми жойлашган. Иқлими кескин континентал, қуруқ. Ёзи иссиқ, қиши совуқ. Янв,нинг ўртача т-раси —4,2° дан —6° гача, июлники 26,2°, баъзан 28°. Энг паст т-ра янв. да —24°, энг юқори т-ра июлда 41°. Йиллик ўртача ёғин 100 мм. Ве-гетация даври 155—165 кун. Суғориладиган зоналарда 183 кун. Туман хўжаликлари Суэлли магистрал кана-ли, Равшан, Олтинкўл каналларидан сув олади, шунингдек, туман ҳудудига Машан кўли ва шим. қисмида суэлли кўлининг жан. чеккаси туташ. Тупроқлари Устюрт платосида, асосан, чўл сур-қўнғир, суғориладиган шарқий қисмида ўтлоқибўз ва ўтлоқи тупроқлардан иборат. Шўрхок, тақир тупроқлар ва тақирлар ҳам учрайди. Табиий ўсимликлари, асосан, чўл ўсимликлари: шувоқ (жумладан, гул-шувоқ), шўра, қирқбўғин, қора саксовул ва б., Амударё бўйларида тўқайлар мавжуд. Ёввойи ҳайвонлардан сайғоқ, бўри, тулки, қумсич-қон, илон, калтакесаклар; кемирув-чилардан ондатра, каламушлар; қушлардан қирғовул, қарға, ўрдак, балиқчи, ўрдакбурун, сувларида балиқлар бор.

Аҳолиси, асосан, қорақалпоқлар, ўзбеклар ва қозоқлар, шунингдек, корейс, татар, рус ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 1,52 киши (2005). Аҳолининг 41% (44 минг киши) қишлоқларда, 59% (69,2 минг киши) шаҳарларда яшайди.

Хўжалиги. Саноат корхоналаридан пахта тозалаш, ун тортиш, сода, темир – бетон буюмлари з-длари, «Устюртгаз» унитар шўъба корхонаси, Устюрт қидирув-пармалаш бошқармаси, «Урганчтрансгаз» шўъба корхонасининг 5 газ қувурлари тармоғи бошқармаси, Қўнғирот технологик сув билан таъминяаш бошқармаси, локомотив ва вагон таъмирлаш депоси, гидроиншоотлар, автокорхоналар, қурилиш ташкилотлари, «ТузЛТД», «Қазқўнғироткарбид», «Н01ЬТ» қўшма корхоналари, «Ийгиликгаз» қўшма корхонасининг филиали ва б. ишлаб турибди.

Туман қ. х. нинг асосий тармоғи — пахтачилик, ғаллачилик (шу жумладан, шоличилик), гўшт-сут чорвачилиги. Ширкат ва фермер хўжаликлари, 6 муқобил МТП, «Қўнғирот» машина-трактор парки фаолият кўрсатади. Қўнғирот туманида 40 минг ға ер суғорилади. Шундан 4 минг га ерга пахта, 4 минг га ерга шоли, 5,6 минг га ерга буғдой, 500 га ерга бошқа қ. х. экинлари экилади. 170,9 минг гектарга яқин ер майдони — ўрмонзор (асосан, саксовул, туранғил ва б. дан иборат). Қолган ерлар пичанзор ва яйлов. тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларида 27,6 мингга яқин қорамол (шу жумладан, 12 мингга яқин сигир), 58,9 мингга яқин қўй ва эчки, 1,2 мингга яқин йилқи боқилади. Мўйноқ балиқ з-дининг Қўнғирот филиали ишлаб турибди.

2004/05 ўқув йилида тумандаги 56 умумий таълим мактаби (26 мингдан зиёд ўқувчи), 2 касб-ҳунар коллежи (3,3 минг ўқувчи), бизнес мактаби филиали, «Прогресс» ўқув маркази бор. 21 кутубхона, туман тарихи музейи мавжуд. Туман марказий касалхонаси, туғруқхона мажмуи, тери касалликлари, сил касалликлари диспансерлари, 3 поликлиника, 24 фельдшер-акушерлик пункти, 7 овул врачлик пункти, 2 қишлоқ врачлик амбулаторияси, қишлоқ касалхонаси ва б. тиббий муассасаларда 196 врач, 1084 ўрта тиббий ходим ишлайди. Тумандаги авто-мобиль йўлларининг умумий уз. 996 км, шундан 375,5 км автотрассаси, т. й. лар уз. 340 км. Буюк ипак йўлидаги халқаро йўл қурилишининг бир қисми туман ҳудудида олиб борилмоқ-да. 1944 й. дан «Қўнғирот ҳақиқати» туман газ. чоп этилади (адади 2300).