ҚОДИРОВ

ҚОДИРОВ Давлатохун (1888, Андижон — 1953, Тошкент) — созанда (дутор), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944). Ҳамза раҳбарлигидаги Ўлка сайёр сиёсий труппаси (1918— 20), М. Қориёқубов раҳбарлигидаги Ўзбек давлат сайёр концерт этнографик труппаси (1926), Ўзбекистон радиоқумитаси халқ чолғу асбоблари оркестри (1929—53)да созанда. Қишлоқ хўжалиги кўргазмаси (1923, Москва), Ўзбек санъати ва адабиёти декадалари (1937, 1951, Москва)да қатнашган. Репертуаридан Тошкент-Фарғона воҳалари ҳамда машҳур ўзбек, тожик ва уйғур халқ мусиқа намуналари асосий ўрин тутган. Қ, айниқса, «Роҳат», «Ўйин Баёти», «Ўйин Дугоҳи», «Баҳор», «Сарахбори Оромижон», «Дилхирож», «Чертмак», «Танавор», «Фарғонача» каби куйларни маҳорат билан ижро этган. Уйғур мақом чолғу йўлларининг кўпини ёддан билган.