ҚОДИРОВ

ҚОДИРОВ Ғафур (1917.1.2 – Тошкент — 1985.12.11) — композитор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1983). Тошкент консерваториясини тугатган (1945). Тошкент мусиқа билим юрти (1945-59), Тошкент консерваториясида педагог (1959 й. дан), доцент (1969), Ўзбекистон Бастакорлари уюшмаси масъул котиби (1965 — 71). Симфоник оркестр учун 2 «Рақс сюитаси», «Балет сюитаси», «Ёшлик увертюраси», «Сўзана» поэмаси ва б., ўзбек халқ чолғулари оркестри учун 4 сюита, «Ёшлар вальси», «Қизлар рақси» ва б. ёзган. Қодиров болалар мусиқаси соҳасида самарали ижод қилиб «Мактабжонофтобжон», «Биз ёш ўқувчилар», «Оқ олтин» ва б. вокал-симфоник асарлар, фортепиано, виолончель, кларнет ва б. созлар учун турли пьесалар ёзган. Айниқса, дилкаш оҳангларга бой хор, эстрада ва болалар қўшиқлари оммалашган: «Ўзбекистоним», «Ёшлар марши», «Мирзачўл ёр-ёри», «Баҳор», «Койинманг, онажон», «Арча қўшиғи» ва б.