ҚИЗИЛСУВ

ҚИЗИЛСУВ — Тожикистон Республикаси Хатлон вилоятидаги дарё. Панж дарёсининг чап ирмоғи. Уз. 230 км, ҳавзасининг майд. 8630 км2. Вахш тизмаси тармоғининг жан. ён бағрида, 2840 м баландликда бошланади. Ўнг ирмоғи (Шакилдара дарёси) нинг қуйилишигача Муллокони, пастроқда, ўнг ирмоғи Сафедобнинг қуйилиш жойигача Сафедсангоб, ундан кейинроқ, ўнг ирмоғи Талхобнинг қуйилишигача — Шўробдарё (Сурхоб) номлари билан маълум. Қизилмозор шаҳри дан қуйироқда дарё суви унинг чап ирмоғи Яхсув билан бирга (Панжга қуйилгунгача) суғоришга сарфланади. Бунинг учун кенг тармоқланган канал, коллекторлар системаси ташкил этилган. Асосий ирмоқлари: чапдан — Тира, Обимозор, Каликсой, Шўрак, Яхсув, ўнгдан — Сафедоб, Талхак, Тоирсув (охиргиси шўр). Қор, қисман ёмгир сувларидан тўйинади. Тўлинсув даври фев. — мартда бошланиб июнь—июлда тугайди. Ўртача йиллик сув сарфи Бобохоншоид қишлоғи ёнида 82 м3/сек. дан (кўп сувли йилда) 15,1 м3/сек. гача (кам сувли йилда) ўзгаради. Саманчи қишлоғи ёнида 146 м3/сек. дан 66 м3/сек. гача.