ҚИЗИЛЧА

ҚИЗИЛЧА — ўткир вирусли касаллик; юқори нафас йўллари, кўз ва бурун шиллиқ қаватларининг яллиғланиши, терига турли тошмалар тошиши ва лимфа безларининг катталашиши билан кечади. Дастлаб Қизилчани қизамиқдан фарқ қилишмаган, 1881 йилдан у алоҳида касаллик деб ҳисоблана бошланди. Қизилчани рубовируслар оиласига мансуб р-нКвируси қўзғатади. Ҳавотомчи йўли орқали юқади. Айниқса, ҳомиладорликнинг дастлабки даврларида юқиши хавфли ҳисобланади. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда балғами, сўлаги таркибидаги вирус ҳавога тушади, сўнгра соғлом одамнинг нафас йўллари орқали унинг организмига киради. Қизилча барча ёшдаги кишиларда, асосан, болаларда учрайди. Касалликнинг инкубацион (яширин) даври 14—21 кун. Болаларда касаллик асосан енгил кечади. Гавда ҳарорати бир оз кўтарилади, қизамиқдагига ўхшаш тошма тошади, каттароқ ёшдаги болаларда бўйин ва қулоқ соҳасидаги лимфа безлари катталашади, бўғимлар оғриши мумкин. Баъзан энцефалит ва тромбоцитопения ривожланади. Кўпинча Қизилча клиник аломатларсиз кечади, лекин бунда атрофдагиларга юқиш хавфи сақланиб қолади. Вирус ҳомиладор аёлга юққанида — туғиладиган бола туғма юрак пороги, кўр, кар, миттибош, ақли заиф ҳолда туғилиши мумкин — бу хасталиклар мажмуи «туғма қизилча синдроми» деб номланади, улар туғма ногирон ҳисобланади.

Беморни врач уйда даволайди. Болага тинч ва осойишта шароит яратиш, енгил ҳазм бўладиган овқатлар бериш тавсия этилади.

Оддини олиш учун бола 12—15 ойлигида (1бор), кейин 6 ёшида (2бор) Қизилчага қарши вакцина билан эмланади. Энг муҳими касалланган болани соғлом болалардан ўз вақтида ажратиб қўйиш зарур.