ҚИЗБИБИ МАЖМУАСИ — Бухоро вилояти (Жондор тумани)даги меъморий ёдгорлик (16 — 18-асрлар); Бухоро шаҳридан 30 км ғарбда жойлашган. Мажмуа «Биби Махсумаи пок» номига сазовор бўлган Оғойи Бузург — Қизбиби номли машҳур қизнинг номи билан боғлиқ. Мажмуанинг умумий тарҳи тўртбурчакка яқин, умумий майд. 0,5 га. Шим. ва жан. ҳовлилар атрофида жойлашган дарвозахона, ҳужралар, айвонли масжидхонақоҳ, мақбара, қудуқ, ҳаммом ҳамда шим. даги холи турган бинолардан иборат; ҳовли саҳни пишиқ ғиштлар билан қопланган. Мажмуага пештоқгумбазли дарвозахона (тарҳи 4,3×4,4 м) орқали кирилади; дарвозахона олд томонининг икки ёнига симметрик ёрдамчи хоналар (2,1×1,8 м) қурилган; дарвозахона йўлак (0,8×3,1 м) орқали ғарбий томондаги хоналар билан боғланган: уларнинг бири мақбара, иккинчиси чиллахона вазифасини ўтаган; дарвозахонадан кенг ҳовли (19×17 м) га ўтилади. Ҳовлининг шим. тарафида кичикроқ, дарвозахонанинг чап ёнида йирикроқ ҳужралар жойлашган. Ғарбий томондаги ҳужралар ўртасида кенг супа, ҳаммом, қудуқ мавжуд. Ҳовлида мажмуанинг бош маҳобатли биноси — масжидхонақоҳ (8,2×8,2 м) қад кўтарган, у пештоқгумбазли бўлиб, унинг бош пештоғи ҳовлининг шарқ тарафидаги Қизбиби мақбарасига қараган. Ташқи тарафидан масжидхонақоҳнинг 3 та бурчакларига гулдасталар ишланган; меҳроб томондаги 2 ўтиш равоғи уни ҳаммом билан боғлаган. Хонақоҳнинг жан. да 9 устунли айвон (10,7х 11,6 м) жойлашган. Мажмуанинг шим. даги ҳовли (33×9 м) саҳни масжид саҳни билан баробар. Масжид билан мақбара ўртасидаги ҳовли (23×9 м) шим. ҳовлидан 60 см паст. Ҳовлининг шарқий томони (масжид рўпараси)да қурилган Қизбиби мақбараси икки хонадан иборат: шим. хона (4×2,8 м) балхий гумбаз, сағанали хона (4,8×4,9 м) оддий гумбаз билан ёпилган, безаксиз; фақат ташқи тарзининг баъзи жойлари ганч сувоққилинган; мақбаранинг ғарбий томонига айвон туташ. Мажмуадаги бинолардан фақат масжид айвонигина ёғоч ўймакорлиги, йиғма бўлаклар орасига қадалган шишалар, текис шифтдаги гириҳ нақшлар билан зийнатланган. Мажмуанинг шим. шарқий қисмида дарвозахона билан мақбара оралиғига кейинчалик ошхона, отхона ва бошқалар ёрдамчи хоналар қурилган (улар сақланмаган). Мажмуадан ташқарида, дарвозахонадан олдинроқда ҳам бир бино бўлиб, у чиллахона вазифасини ўтаган. Унда руҳий касалликка чалинганлар даволанган. Қизбиби (Оғойи Бузург) зиёратига, дардларига шифо излаб, асосан, аёллар келган. Баъзи маълумотларга кўра мажмуа (айниқса, чиллахона)га фақат аёллар кириши мумкин бўлган. Қизбиби мажмуаси кенг қамровли вазифаларни ўтаган, анчагина мураккаб тузилишга эга бўлган меъморий мажмуа намунасидир.
Хайрулла Пўлатов.