ҚИТЪА (араб. — бўлак, қисм, парча) — мумтоз адабиётда лирик жанр. Шеърий шакл сифатида қасида ва ғазалдан олдин пайдо бўлган. Тузилишига кўра, газалга яқин туради, лекин Қитъада матлаъ қофияланмайди (аб. вб, гб…), ҳажми ҳам қатъий эмас, мазмун талабига кўра, икки байт ва ундан ортиқ (хатто 19 байтгача) бўлиши мумкин. Ҳар бир Қитъа яхлит асар бўлиб, бирон мавзуга бағишланади. Бошқа лирик жанрларга нисбатан Қитъада шакл ва мазмун эркинлиги устун, мавзу доираси ҳам кенг. Унда ижтимоий-сиёсий, диний-фалсафий ахлоқий-таълимий ва б. мазмундаги фикрлар ҳажв ва ҳазилмутойиба тарзида, шоир ҳаётининг турли лаҳзалари билан боғлиқ қайд ва мулоҳазалар сифатида ўз ифодасини топиши мумкин.
Форс-тожик адабиётида Қитъанинг дастлабки намуналари Рудакий ижодида кўринади. Унинг жанр тараққиёти ва такомилида форс шоири Авҳадиддин Анварий (1190 й. в. э.) ва Ибн Ямин Фарюмодийнинг хизмати катта.
Ўзбек адабиётида Қитъанинг илк намуналари «Девону луготит турк»да, Хоразмий, Юсуф Амирий, Гадоий, Лутфий ва б. ижодида учраса-да, унинг тараққиёти Алишер Навоий ижоди билан боғлиқ. Қитъадан ҳеч ким Навоийчалик самарали фойдалана олган эмас. У энг кўп Қитъа ёзган Ибн Яминнинг илғор анъаналарини ўз даври шароитига боғлаб ривожлантирган, Қитъани ўзбек адабиётида мустақил жанр даражасига кўтарган. 16—19-а. ларда Бобур, Пошшохожа, Мунис Хоразмий, Шавқий Каттақўрғоний, Шукурий Фарғоний, Огаҳий, Мирий, Аваз Ўтар, Алмаий ва б. шоирлар Наиоий анъаналарини давом эттириб, ўзбек қитъанавислигига ҳисса қўшдилар. Ҳабибий, Собир Абдулла, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Чустий, Чархий, Э. Воҳидов ва бошқалар Қитъалар яратишган. Ҳозир Қитъалар бармоқ вазнида ҳам ёзилмоқда.
Ад.: Орзибеков Р., Лирикада кичик жанрлар, Т., 1976; Адабий тур ва жанрлар |3 ж. ли|, 2-ж.. Т.. 1992.