ҚИСҚИЧБАҚАСИМОНЛАР

ҚИСҚИЧБАҚАСИМОНЛАР, қисқичбақалар — бўғимоёқлилар типининг синфи. 30000 га яқин тури бор. Уз. мм нинг бир бўлагидан 80 см, баъзи гурлари (мас, япон кра-би) оёқлари ёйилганида танасининг кенглиги 3 м га етади. Танаси бўғимларга бўлинган, одатда, 3 бўлим: бош, кўкрак ва қорин фарқ қилинади; хитин совут билан қопланган. Бир хил Қисқичбақасимонларнинг яхлит бош капсуласи (синцефалон) антеннулаларга эга бўлган бош ўсимтаси ва 4 бош бўғимидан иборат. Бош бўғимларида антенналар, бир жуфт юқори жағ, 2 жуфт пастки жаг жойлашган. Бошқа Қисқичбақасимонларнинг акрон ва антеннал бўғимдан иборат бирламчи боши (протоцефалон) жағ бўғимлари (гнатоцефалон) билан ҳаракатчан қўшилган. Одатда, Қисқичбақасимонлар кўкрагининг бир неча бўгимлари бош билан қўшилиб, бошкўкракни ҳосил қилади, уларнинг ўсимталари эса озиқни майдаловчи ва оғизга сурувчи оёқ жағларга айланади. Кўпчилик Қисқичбақасимонлар бошининг кейинги қисми ва кўкрак бўлими ён ва устки томондан қалқонсимон, икки тавақали ёки ярим цилиндр шаклидаги хитинлашган совут билан қопланган. Айрим Қисқичбақасимонлар (мас, шохдор мўйловдилар боши чўзиқ пастга эгилган тумшуқ — рост-румга айланган. Қисқичбақасимонларнинг турли гуруҳларида кўкрак ва қорин бўғимлари сони ва оёқларининг тузилиши ҳар хил. Тубан Қисқичбақасимонлар кўркак оёқлари ҳаракатланиш, нафас олиш ва озиқни оғизга суриш вазифасини бажаради. Бирмунча юксак тузилган Қисқичбақасимонларда бу вазифаларни ҳар хил оёқлар бажарада. Фақат юксак Қисқичбақасимонлар учун хос бўлган қориноёқлар нафас олиш, уруғлантириш, тухумларни олиб юриш. баъзан ҳаракатланиш вазифасини бажаради. Охирги қориноёқлар (уроподлар) кўпинча анал бўлаги билан бирга дум сузгич — тельсонни ҳосил қилади. Кўпчилик Қисқичбақасимонлар тельсонида айри ўсимта бўлади.

Қисқичбақасимонлар нерв системаси бош мия ва қорин нерв занжиридан иборат. Кўриш органи, одатда, фасеткали кўз; кўпинча оддий науплеус кўз ҳам сақланиб қолади. Баъзи Қисқичбақасимонларнинг кўзи бўлмайди. Ошқозони чайновчи, жигари ўрта ичакка очилади. Қисқичбақасимонлар жабра, баъзи майда турлари тана юзаси орқали нафас олади. Қон айланиш системаси очиқ, юраги орқасида; баъзан бўлмайди. Айириш органлари — максиллар ва антеннал безлар.

Қисқичбақасимонлар цефалокаридлар, жабраоёқлилар, чиғаноқлилар, эшкакоёқлилар, карпхўрлар, мўйловоёқлилар, ўноёклилар кенжа синфларига бўлинади. Асосан, денгизлар, чучук сувларда, айрим турлари қуруқликда яшайди ёки паразит ҳаёт кечиради. Бир ҳужайрали организмлар, детрит, органик моддалар, ўсимлик ва ҳайвонлар, ўлаксалар билан озикланади.

Кўпчилик Қисқичбақасимонлар айрим жинсли, бир қанча турлари партеногенез йўли билан кўпаяди. Тухумларини кўпинча урғочилари олиб юради ёки махсус чиқариш камерасида ривожланади. Қисқичбақасимонлар метаморфоз орқали ривожланади. Тухумдан чиққан науплеус личинкаси ривожланиб метанауплеус даврига ўтади. Баъ-зан личинкасининг дастлабки даврлари тухум ичида кечади ва тухумдан кейинги даврига ўтган личинка (мас, крабларда зоеа) ривожланиб сувга чиқади. Қ, айниқса, зоопланктонни ташкил этувчи турлари сув ҳавзаларидаги озиқ занжирининг асосини ташкил этади. Бир қанча Қисқичбақасимонлар (креветкалар, краблар, лангустлар, омарлар ва б.) истеъмол қилинади ва кўплаб овланади.

Ад.: Мавлонов О., Хуррамов Ш., Умуртқалилар зоологияси, Т., 1998; Жизнь животнмх, т. 2., М., 1969.

Очил Мавлонов.