ҚИСҚА ТЎЛҚИНЛАР

ҚИСҚА ТЎЛҚИНЛАР — тўлқин узунлиги 10 м дан 100 м гача (30—3 МГц) диапазонда бўлган радиотўлқинлар. Қ. т. нинг тарқалиш тарзига Ер атмосфераси кучли таъсир қилади. Қисқа тўлқинлар қисқа (-500 км) масофаларга ер тўлқинлари (Ер сиртига яқин бир жинсли атмосферада тарқалувчи радиотўлқинлар) кўринишида, ўта узоқ масофаларга, хусусан, Ер шари атрофида ионосфера тўлқин ўтказгичлар бўйлаб тарқалиши мумкин. Қисқа тўлқинларнинг уфқ ортида тарқалиши асосан уларнинг ионосферадан ёки ионосфера ва Ер сиртидан кўп марта қайтиши туфайли амалга ошади.

Қисқа тўлқинларнинг ионосферадан қайтиш частотаси уларнинг ионосферага тушиш бурчагига ва қайтиш сатҳидаги электронлар концентрациясига боғлиқ. тушиш бурчагининг маълум критик қийматидан кичик қийматларида Қисқа тўлқинлар ионосферадан қайтмайди ва радиоалоқада сукунат (жимжитлик) зонаси юзага келади. Маълум узунликка эга радиотрасса учун радиоалоқада фойдаланиладиган максимал частота мавжуд. Трассанинг узунлигига, сутканинг вақтига ва геофизик шароитларга қараб, бу час-тота амалда Қисқа тўлқинларнинг бутун диапазони бўйича ўзгариши мумкин.

Қисқа тўлқинлардан радиоалоқада, Ер ва сайёралар ионосфераларини, Қуёш тожининг ташқи қатламларини ва б. радиоастрономик объектларни тадқиқ қилишда фойдаланилади.