ҚИРҒОВУЛЛАР

ҚИРҒОВУЛЛАР, тустовуқлар — қирғовулсимонлар оиласига мансуб қушлар уруғи. 2 тури маълум. Танасининг уз. 85 см, оғирлиги 1,7—2 кг. Модаси наридан кичик. Нари ёрқин тусда, металлдек ялтирайди. Модаси кулрангсарғиш. Оддий қирғовулнинг 30 га яқин кенжа тури мавжуд. Кавказдан Япониягача бўлган жойларда тарқалган. Ўрта Осиёда Каспийнинг жан.-шарқий қисмидан Иссиқкўлгача бўлган ҳудудларда учрайди. Зарафшон бу юртмахонаси, шунингдек, овчилик хўжаликларида Қирғовуллар кўп. Ўрмон ҳамда экин майдонлари атрофидаги, дарё ва кўл қирғоғидаги чакалакзор тўқайларда яшайди. Уясини ерга ясайди. 8—18 та тухум қўйиб, 24 — 25 кун босади. Уруғ, мева, куртак, ҳашарот, чувалчанг ва моллюскалар билан озиқланади. Гўшти ва пари учун овланади. Қирғовуллар кўпгина овчилик хўжаликларида кўпайтирилади. Кўплаб овлангани сабабли жойларда Қирғовуллар сони камайиб кетган. Бироқ Қирғовулларга шароит яратилса, сонини тез тиклаш хусусиятига эга. Японияда яшил қирғовул тарқалган.