ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР — ўз эгасига мулкка эгалик ҳуқуқини ва даромад кўринишида муайян пул суммасини олиш ҳуқуқини берадиган пул ёки товар ҳужжатлари (акция, облигация, аккредитив, вексель, чек ва б.). Қ. қ. тақдим этувчи ёки эгасининг айрим ҳуқуқлари қайд этилган махсус тарзда расмийлаштирилган молиявий ҳужжат. Қ. қ. маълум шахс номига ёзилган (исмли), дастлаб сотиб олган шахс номига ёзилган ва унинг розилиги билан бошқа шахсга ўтказиладиган ордерли ва эгаси ёзилмайдиган (эгаси кўрсатилмайдиган) турларга бўлинади.
Корхоналарнинг акция, облигациялари ва давлат облигациялари Қ. қ. нинг асосий турлари ҳисобланади. Қимматли қоғозлар корхона капиталида қатнашиш ёки пулни ссудага тақдим этиш ва дивиденд ёки фоиз тарзида даромад олиш ҳуқуқини беради. Қимматли қоғозлар ўз эгасига даромад келтиргани учун фонд биржасит маълум курс бўйича олди-сотди қилинади (қ. Фонд бозори).