ҚАЗВИН

ҚАЗВИН — Эроннинг шим. ғарбий қисмидаги шаҳар. Эльбурс тоғининг жан. этагида. Аҳолиси 292 минг киши (1997). Транспорт йўлларининг муҳим чорраҳаси. Қазвин районининг савдо маркази. Озиқ-овқат, кўнпойабзал, тўқимачилик, ойнашиша ва электротехника саноати корхоналари мавжуд. Гилам тўқилади.

Шаҳар Сосонийлар давридан маълум. Ўрта асрларда Қазвин орқали Эрондан Жанубий Кавказга бориладиган савдо йўли ўтган. 1220 йилда шаҳарни мўғул босқинчилари бузиб ташлаган. Кейинроқ қайта тикланиб, Эроннинг маданият марказларидан бирига айланган. 16-асрда шаҳар айниқса равнақ топган. Ўша даврда Қазвин миниатюра мактаби шаклланган. 1548—98 йилларда Сафавийлар давлати пойтахти бўлган. 18-асрда ўз мавқеини йўқотган. Меъморий ёдгорликлардан Жоме масжиди (12 — 17-асрлар), Ҳайдария масжиди (12-аср) ва бошқалар сақланган.