ҚАЗВИН МИНИАТЮРА МАКТАБИ

ҚАЗВИН МИНИАТЮРА МАКТАБИ — Эрон тасвирий санъатидаги мактаблардан бири (16-аср 70—80-й. лар). Шоҳ Исмоил II даврида Қазвин шаҳрида қутубхона ташкил этилган, Машҳад ва Табриздан келган наққош, хаттот, мусаввирлар ижодий фаолияти заминида шаклланган. Бу мактаб вакиллари диққатни ҳаракат тасвирларига қаратганлар, расмлар кам шакллилиги билан ажралиб туради. Қазвин миниатюра мактабининг йирик вакиллари Муҳаммадий, Шайх Муҳаммад («Йигит китоб ва гул билан», «Йигит тўтиқуш билан») ва бошқаларнинг асарларида маиший лавҳалар жонли, рангдор ифодаланган. Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида сақланаётган Жомийнинг «Туҳфат улаҳрор» асарига ишланган миниатюралар Шайх Муҳаммадга нисбат берилади.