ҚАЗИЛМА ОРГАНИЗМЛАР ҚОЛДИҚЛАРИ

ҚАЗИЛМА ОРГАНИЗМЛАР ҚОЛДИҚЛАРИ, тошқотганлик — ўтган геологик даврларда яшаган организмларнинг чўкинди тоғ жинсларида сакланиб қолган ҳаёт фаолияти излари ва қолдиқлари. Уларга қараб чўкинди тоғ жинсларининг нисбий ёши аниқланади. Қазилма организмлар қолдиқларининг турли хил сақланиш шакллари маълум. Ўсимликлар, айниқса, йириклари, тоғ жинсларида бутунлигича кўмилиб қолмайди; улардан бўлиниб кетган барглар, шохларнинг узилган қисмлари, ўсимликлар танасининг бўлаклари, мевалари, алоҳида уруғлари ва камданкам гул излари сақланиб қолади. Оксидланиш жараёни таъсирида органик моддалар йўқолиб, тоғ жинсларида ўсимликларнинг фақатгина излари қолади ва уларда баъзан кўмирга айланган юпқа пўст (кутикула) сақланади; кимёвий реагентлар билан ишлов берилгандан сўнг микроскоп остида эпидерма ва оғизчаларнинг катакли тузилиши кўринади. Баъзан ўсимлик қолдиқларини турли хил минераллар (кальцит, лимонит, аморфли кремнезём, сидерит ва бошқалар) билан ўрин алмашиши содир бўлади. Бу тошқотганликда ўсимликлар анатомик структураси сақланиб қолади, улар фан учун жуда қимматлидир. Ҳайвонларнинг фақат скелетларигина эмас, балки юмшоқ тўқималарининг тузилиши тўғрисида ҳам хулоса чиқаришга имкон берувчи бутун жасадлари ёки уларнинг бўлаклари антропоген ётқизикдаридагина сақланиб қолган. Ҳайвонларнинг яхши сақланган қолдиқлари (мамонтлар, балиқлар ва бошқалар) абадий музлоқ ер областларида ва баъзан уюмларни ташкил қилувчи табиий асфальтсимон модда — озокеритда қолган бўлади. Мумиёга айланган қолдиқлар ҳам организмлар тўғрисида маълумот беради. Тошқотишликнинг тез-тез содир бўлиши — қачонки организмлар қолдиқларидаги ғоваклар сувли эритмалардан чўккан минерал моддалар билан тўлганда; ўша скелетнинг моддаси ҳам ўз структурасини саклаган ҳолда (псевдоморфоза) улар билан алмаштирилади. Қазилма организмлар қолдиқлари минераллашиш жараёни фоссилизация дейилади. Жинсларда, хитин скелетли умуртқасизлардан юпқа кўмирга айланган қатламчалар қолади. Палеонтология ва тарихий геол. нинг қазилма организмлар ҳосил бўлиш жараёнини ўрганувчи бўлими тафономия деб аталади.

Ер пўсти ётқизиқларида сақланиб қолган қадимий геологик даврлардаги ўсимликларнинг қолдиқлари. Қазилма организмлар қолдиқларини палеоботаника фани ўрганади. Бутун ҳолда тубан ўсимликлар (сувўтлар ва бактериялар), юксак ўсимликлардан йўсинлар, баъзи майда ўсимликлар, йирик юксак ўсимликлардан уларнинг бўлакбўлак қисмлари (танаси, пўстлоғи, барги, гули, меваси, уруғи, спораси, гулчанг доналари ва бошқалар) сақланган. Кўпинча қазилма қолдиқлар орасида сув ҳавзалари ёнида ўсган ёғочсимон ўсимлик ва сувўтларнинг қисмлари учрайди. Қазилма организмлар қолдиқлари одатда, ботқоқлик, кўл, дарё ётқизиқларида ҳамда манбаларнинг оҳакли ва кремнийли ётқизиқларида ва денгиз соҳили ётқизиқларида қазилма ҳайвонлар билан бирга учрайди. Қолдикдарнинг сақланиш даражаси Қазилма организмлар қолдиқларини ўзида мужассамлаштирган тоғ жинсларининг геологик ёшига ҳам боғлиқ. Қазилма организмлар қолдиқлари структураси емирилмай анатомик тузилиши (мас, ўсимликларнинг уруғи, данаги, ёғочи, чанги, баргининг эпидермиси ва игна барглиларнинг қуббаси ва бошқалар) сақланиб, ўсимлик тўқималарининг кимёвий таркиби бирмунча ўзгарган ҳолда ва ўсимлик қолдиғи бутунлай йўқолиб, тоғ жинслари орасида, уларнинг фақат излари ёки ҳар хил минераллар билан тўлган шакллари сакданган ҳолда учрайди. Қазилма организмлар қолдиқларининг бир нечта катта бўлимлари, типлари (мас, псилофитсимонлар, беннеттитлар, лепидодендронлар ва бошқалар) маълум. Уларни ўрганишдан олинган далилларга кўра, уч млрд. йил олдин, яъни архей ва протерозой ётқизиқларида бактериялар ва бир ҳужайрали сувўтлар яшаган. Ер усти ўсимликларининг кембрийордовикда пайдо бўлганлиги эҳтимолдан узоқроқ бўлсада, силур даврида пайдо бўлганлиги аниқ. Узгарувчан иқлим шароитига мослашиш натижасида ўсимликлар дунёсида катта ва мураккаб ўзгаришлар рўй берган. Ўзгарган табиий шароитга мослаша олмаган ўсимликлар йўқолиб кетган ва мослаша олганлари яшаб, янги турлар юзага келган. Қ,ў. ни ўрганиш ўгмишда Ер юзини қоплаган ўсимликларнинг тарқалиши ва таркиби тўғрисидаги маълумотларни беради ҳамда ўсимликлар эволюцияси этапини белгилайди. Қазилма организмлар қолдиқлари саноатда фойдаланиладиган қазилмаларнинг (торф, қўнғир кўмир ва тошкўмир, ёнувчи сланецлар) тўпламларини ҳосил қилади. Ўрта Осиё ҳудудида карбон даврида евромерий типдаги флора мавжуд бўлган. Юра флорасининг вакиллари Ўзбекистонда, мас, Оҳангарон, Шўроб, Сулукта ва Шарғундаги кўмир конлари ҳосил бўлишида катта роль ўйнаган.