ҚАЗАҒОН

ҚАЗАҒОН, Қазаған, амир Қозағон (? — 1357/58) — Мовароуннаҳр амири (1346—58). Сўнгги чингизийлардан бўлган Қозонхонта қарши исёнга бош бўлган, ўзаро урушларда Қозонхон ўлдирилган ва мамлакат унинг қўл остига ўтади. Қазағон ўз хаттиҳаракатларига қонуний тус бериш учун чингизийлардан бўлган «сохта хонлар» — аввал Донишмандча, сўнгра Баёнқулихон ёрдамида ҳокимиятни бошқарган ва унинг номидан танга зарб этиб, ҳокимиятни қўлида ушлаб туради. У мамлакатни адолатли бошқариш, тадбир билан ишларни олиб бориш, юрт осойишталигини сақлаш, элюрт ҳожатини чиқаришга алоҳида диққат қаратади. 1351—52 йиллари Ҳирот остонасида Малик Ҳусайн лашкарини тормор этади. Ҳирот амалдорлари Малик Ҳусайнни ағдариб, ўрнига укаси Малик Боқирни қўймоқчи бўлишади. Фитнадан хабар топган Малик Ҳусайн 1352—53 йиллари Қазағон ҳузурига йўл олади. Маълум муддатдан сўнг Ҳиротга қайтган Малик Ҳусайн қайта Ҳирот тахтини эгаллайди. Шу кезларда Қазағоннинг ўғли Абдуллоҳ Самарқанддан лашкар тортиб Ҳоразм томон юриш қилади ва уни забт этади. Тарихий манбаларда ёзилишича, Қазағон қишни Соли Сарой ва Қоратур (Амударё соҳилидаги мавзе), ёзни эса Мунк (ҳоз. Балжувон) шаҳрида ўтказган ва кўп вақтини ов қилишга сарфлаган. Қазағонни ўранайтиён қабиласидан бўлган куёви Қутлуғ Темур Бўрилдой ўғли ов пайтида ўлдирган. Қазағоннинг амир Кайхусрав бошлиқ амирлари Қутлуғ Темурни Қундуз атрофида ўлдирадилар. Амирзода Абдуллоҳ отаси Қазағон ўрнига ўтиради.

Ад.: Низомиддин Ш о м и й, Зафарнома, Т., 1966; Шарафиддин Али Яздий, Зафарнома, Т., 1994; Мирзо Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1994.

Ҳамидулла Дадабоев.