ҚАЙТА ҚУРИШ

ҚАЙТА ҚУРИШ — 20-асрнинг 80-й. лари ўрталарида кенг истеъмолга кирган тушунча; СССРда тоталитар тизимни ислоҳ йўли билан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатни англатган. Қайта қуриш сиёсатининг мақсади ва вазифаси мамлакатда тўпланиб қолган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва мафкуравий соҳалардаги муаммоларни «қайта қуриш» йўли билан ҳал этишдан иборат бўлган. М. С. Горбачёв бошчилигида КПСС раҳбариятининг бир қисми томонидан бошланган бу сиёсат мамлакат ҳаёти ва умуман жаҳонда маълум ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди (ошкоралик, сиёсий плюрализм, «совуқ уруш»нинг тугаши ва ҳ. к.). Қ. қ. ниамалга оширишдаги қарама-қаршилик ва ноизчилликлар натижасида 80-й. ларнинг охири — 90-й. ларнинг бошидан мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида бўҳронлар кучайиб кетди. Бунга шу даврда турли республикаларда бўлиб ўтган сиёсий воқеалар, миллий низоларнинг айрим жойларда ихтилофли тус олиши мисол бўлади.

Қайта қуриш собиқ СССРда тўпланиб қолган муаммоларни тўла ҳал этишга хизмат қилмади. Мустақиллик, демократия ва эркинлик ғояларига тўғри келмаганлиги туфайли ҳам амалий самара бермади. Охир оқибатда КПСС нинг ҳалокати ва СССР нинг тугашига муайян туртки бўлди.