ҚАЙРОҚҚУМ ЗИЛЗИЛАСИ

ҚАЙРОҚҚУМ ЗИЛЗИЛАСИ — 1985 йил 13октябрда Наманган сейсмоген зонасининг жан. ғарбида жойлашган Қайроққум сув омбори ёнида содир бўлган. Эпицентрда зилзила кучи 8 балл, магнитудаси 6,1 ни ташкил қилган. Зилзиладан сув омбори тўғони зарар кўрмаган, лекин Хўжанд шаҳрига ва унинг атрофидаги қишлоқларга катта зарар етган. Ҳоз. замон тектоник ҳаракатлари натижасида Дигмай, Оқчон ва Руҳан адирларида ўсиб бораётган ёш антиклиналь структураларнинг Қурама тоғлари томонидаги кучланишлар босими таъсирида ер остидаги неоген даври тузгипсли (3000 м) қатламларнинг узилмалар бўиича гоҳ пастга, гоҳ юқорига силжиши ер қимирлашига сабаб бўлган. Бундай силжишлар 7 км чуқурликда кузатилган. Одатда, тузгипсли қатламларда сейсмик тўлқинлар тарқалиши анча суст кечади, шунинг учун бундай жойларда зилзилаларнинг қайталаниши (афтершоклар) кам бўлади. Бу жараён 1967 йилдаги 7 балли Супатоғ зйлзиласи пайтида ҳам кузатилган. Зилзила кучи Бекободда 6—7 балл, Аштда 6 балл, Олмалиқда 5 балл, Исфара ва Қўқонда 3—4 балл билан сезилган.