ҚАЙРОҚҚУМ СУВ ОМБОРИ

ҚАЙРОҚҚУМ СУВ ОМБОРИ — Фарғона водийсининг ғарбий қисмидаги гидротехника иншооти (Тожикистон ва Узбекистон ҳудудида). Сирдарёни тўсган Қайроққум гидроузели тўғони билан ҳосил қилинган; 1956—58 йилларда тўлдирилган. Сув юзаси майдони 513 км2, фойдали ҳажми 2,6 млрд. м3. Уз. 60 км, максимал эни 20 км, ўртача чуқ. 8,2 м, максимал чуқ. 30 м. У Сирдарё оқимини мавсумий, қисман кўп йиллик тартибга солади, доимий суториш майд. 475 минг га дан ортиқ. Қайроққум сув омбори таркибига қуввати 426 МВт бўлган ГЭС, тўғон гидроузели, умумий уз. 27 км бўлган чап қирғоқ марза дамбалари, сув ости зонасини горизонтал ва вертикал дренажловчи насос қурилмалари комплекси киради. Сув омборидан сув ўтказиш имконияти 20 м3/с бўлган Хўжабақирғон (чап қирғоқ) ва Самғор (ўнг қирғоқ) суғориш насос стялари сув олади.