ҚАЙРОҚҚУМ МАДАНИЯТИ

ҚАЙРОҚҚУМ МАДАНИЯТИ — жез даври археологик маданияти (мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярми — мил. ав. 6—3-асрлар). Фарғона ва Зарафшон водийлари ҳамда Тошкент воҳасида тарқалган. Хўжанд (Тожикистон) яқинидаги Қайроққум мавзеи номидан олинган. Бўлажак Қайроққум сув омбори ўрнида А. П. Окладников, Б. А. Литвинский, В. А. Рановлар томонидан Қайроққум маданиятига оид манзилгоҳлар топилган (1954). Қайроққум маданияти ёдгорликлари Андроново маданияти ва Тозабоғёп маданияти ёдгорликлари билан ўхшаш бўлиб, шу билан бирга Фарғонадаги Чуст маданияти ва жан. даги деҳқончилик маданиятлари билан мустаҳкам алоқада бўлган. Қайроққумдан турар жой қолдиқчари, тош ўчоклар, жез ва мисдан ясалган рўзғор буюмлари ва жанговар қуроллар, сопол идишлар, болта, пичоқ, теша, ўқёйлар, пайконлар, қармоқлар кўплаб топилган. Аҳоли деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Кончилик ва металл эритиш ривожланган. Сопол идишлар қўлда ясалиб, дағал ишлов берилган.