ҚАЙРОҚ

ҚАЙРОҚ — жисми садоланувчи (идиофон) урма чолғу. Ўзбек, тожик, уйғур ва бошқалар Шарқ халқларида тарқалган. Асосан, (раққоса), дорбоз, ёғочоёқ ўйинчилар томонидан қўлланилади. Қайроқ икки жуфт силлиқ юпқа тошдан иборат. Хоразмда Қайроқни тош ва металл бўлаклари ташкил этиши мумкин. Ижрочи ҳар бир қўлига бир жуфтдан Қайроқ олиб уларни бир-бирига уриб садолантиради. Қайроқда рақс ҳаракатларига мос турли усуллар (кўпинча «рез») ҳосил қилинади. Бухорода «Қайроқбози», Хоразмда «Оразибон», «НоримНорим» каби Қайроқ жўрлигида ижро этиладиган рақслар машҳур. Испания, Италия, Лотин Америка халқларида кенг тарқалган (ҳозирда, симфоник оркестр ва баъзи ансамбллар таркибига кирган) кастанеьталар Қайроқга яқин. У кичик қошиқсимон, япалоқ бўлиб, қаттиқ ёгоч ёки пластмассадан ясалади.