ҚАЙНАМА

ҚАЙНАМА — ариқ сувини йўл ёки кўча остидан ўтказиш учун мўлжалланган гидротехника иншооти. Узунлиги йўл ёки кўчанинг энига тенг келадиган ёки ундан узунроқ асбест ёки металл қувур ҳамда қувурнинг икки учига қилинган бетон ёки металл ҳовузлардан иборат. Қувурнинг диаметри ва ҳовузларнинг ўлчами ариқдаги сувнинг ҳажмига боғлиқ бўлади. Қайнама қуришда ёғин сувлари ҳам ҳисобга олинади. Қайнаманинг ўзига хос томони шундаки, қувурдаги сув сатҳи ҳовузлардаги сув сатҳидан анча паст бўлади. Қувурга сув кирадиган ҳовуздаги сув сатҳи қувурдан сув чиқадиган ҳовуздаги сув сатҳидан баландроқ ёки унга тенг бўлиши лозим. Бир ҳовуздан кирган сув иккинчи ҳовуздан «қайнаб» чиқади (номи шундан). Қайнама сифон принципида ишлайди. (яна қ. Дюкер).