ҚАЙИР ТУПРОҚЛАР

ҚАЙИР ТУПРОҚЛАР — дарё одоқларининг аллювиал ётқизиқларида ҳосил бўладиган тупроқлар. Суви тошиб турадиган дарё бўйларида, сув босадиган ерларда тарқалган. Юқори биогенлиги, қатламдорлиги, гумус қатлами билан фарқланади. Тупроқ ҳосил қилиш жараёнига қараб чимли (бошоқли ва ҳар хил ўтли ўтлоқ ва очиқ ўрмонларда ҳосил бўлади; механик таркиби енгил, сув режими барқарор эмас), ўтлоқи (ҳар хил ўтлибошоқли ўсимликлар ўсадиган одоқларнинг марказий қисмида вужудга келади, гумуснинг кўп тўпланиши, донадор структуралилиги ва ҳ. к. билан тавсифланади), ботқоқи (ўтли ва ўрмонли ботқоқлар одоқларининг терраса олди қисмларида ҳосил бўлади, торфланиши, лойқа босиши ва ҳ. к. билан фарқланади) бўлади.

Қайир тупроқлар турли табиий зоналарда учрайди, унумдор. Бундай тупроқли ерлардан яйлов ва пичанзор сифатида, сабзавот, емхашак экинлари, шоли ва бошқаларни экишда фойдаланилади. Қайир тупроқлар сув режимини тартибга солиш (қуритиш) зарур.