ҚАРНОБ ҚАЛАЙ КОНИ

ҚАРНОБ ҚАЛАЙ КОНИ — Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги кон. 1943 йилда очилган. 1952—58й. лармобайнида ўзлаштирилган. Кон Қарноб — Лапас регионал ёриғининг шим. блокида жойлашган. 20 дан ортиқ тик ётувчи рудали таналар мавжуд бўлиб, улардан 20—50 м чуқурликкача бўлганлари қадимий руда изловчилар томонидан ва конни кейинги ўзлаштириш (1940—50 йиллар) жараёнида қазиб олинган. Рудали таналар морфологияси мураккаб — тикка ётувчи тармоқланган томирлардан иборат бўлиб, ўлчами 0,3—0,5 дан 1,5—2 м гача қалинликда, уз. 100 дан 550 м гача. Баъзи зоналари 400 м чуқурликкача аниқланган. Рудаланиш бир текис тарқалмаган, қалайнинг миқдори 0,1 дан 0,9% гача. Қарноб қалай кони гидротермал конлар типига мансуб. Руда атрофи ўзгаришларининг асосий типи — березитланиш. Рудали жисмлар тўқ кулранг кварц ва интенсив равишда березитлашган ҳамда турмалин ва сульфидли томирчали майдаланган гранитлардан таркиб топган. Қарноб қалай кони рудаларига асосий минерал — касситерит 1 мм га яқин жигарранг изометрик доначалар ва 2—4 мм қалинликдаги томирчалар шаклида бўлиб, таркибида вольфрам, қўрғошин, рух, галлий элементлари бор. Касситерит холхол кўринишда, ингичка томирчалар ва алоҳида доналар шаклида учрайди. Рудали жисмлар таркибида касситерит 0,3—0,5%, галенит 0,3 — 0,5%, сфалерит 0,1—0,3%, халькопирит 0,1—0,3%, пирит 1—2% да бўлади. Улардан ташқари, варламовит, мушистонит, акантит, пираргирит, прустит, станнин, тиллит, франкеит ва бошқаларлардан таркиб топган. Рудали таналар таркибида: қалай — 0,3— 0,4%, қўрғошин — 0,3%, мис 0,1—0,2%, рух 0,1%, кумуш 72 г/т, маргимуш 0,1%, сурма 0,1%ни ташкил қилади. Рудаланишнинг тик ўлчами 500 м дан ошади.