ҚАРНОБ ЧЎЛИ

ҚАРНОБ ЧЎЛИ — Зарафшон дарёси ўрта оқимининг чап соҳилидаги тўлқинсимон текислик. Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳудудларида. Ғарбдан шарққа 120 км га чўзилган. Ўртача эни 40—50 км. Ўртача бал. 300 м (марказий қисмида 350 м, шарқий қисмида 450 м).

Ер юзаси текислик. Жанубий шарқцан шим. ғарбга бир неча қатор тепалар чўзилган. Улар бир биридан қуруқ сойлар билан ажралган. Қатор тепалар шим. да Зиёвуддин ва Зирабулоқ тоғларига туташади. Чўл ғарб томон пасайиб Тошлоққум ва Учқум чўлларига қўшилиб кетади. Иқлими қуруқ ва кескин континентал. Ўртача йиллик т-ра 16°. Янв. ойининг ўртача т-раси —15°, —20°. Июль ойида 40—45° га етади. Йиллик ёғин ўртача 165 мм. Қ в. да оч тусли бўз, бўзқўнғир тусли тақир, шўрхок, қум ва қумоқ тупроқлар кенг тарқалган. Ўсимликлардан қумли ва қумоқ ерларда шувоқ, селин, оқ саксовул каби галофитлар ўсади, тақирларда сийрак шўралар учрайди. Баҳорда чўлни эфемерлар қоплаб олади. Қарноб чўлидан йил давомида қоракўл қўйларни боқиш учун яйлов сифатида фойдаланилади. Табиий яйловларда пичаннинг ўртача ҳосилдорлигини ошириш учун 10,5 минг га майдонда саксовулзордан иборат сунъий яйловлар вужудга келган.