ҚАРЛУҚ

ҚАРЛУҚ — Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги қишлоқ, туман маркази. Яқин т. йил станцияси — Шўрчи разъезди (23 км). Қарлуқдан Термизгача 140 км. Аҳолиси 10 минг кишидан зиёд (2003). Аҳолиси ва хўжаликлари Олтинсой дарёсидан сув олади. Қарлуқда «Шароб» акциядорлик жамияти, қўшма, кичик корхоналар, Олтинсой мева қуритиш з-ди, автокорхона, пахта тозалаш, ғишт здлари, МТП, саноат корхоналари, қурилиш ташкилотлари, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади. Умумий таълим, мусиқа мактаблари, касб-ҳунар коллежи, маданият уйлари ва клуб муассасалари, марказий кутубхона бор. Ашула ва рақс дастаси, қўғирчоқ театри фаолият кўрсатади. Стадион, спорт заллари, футбол, волейбол, қўл тўпи майдонлари мавжуд. Марказий касалхона, катталар ва болалар поликлиникалари, туманлараро травматология ва ортопедия маркази ишлаб турибди.