ҚАРАИМ ТИЛИ

ҚАРАИМ ТИЛИ — туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига мансуб тил. Литванинг Вильнюс шаҳри атрофида, асосан, Тракай ва Паневежис шаҳриларида, Украина жан. идаги Луцк ва Галич шаҳрилари атрофида, Қримда, қисман Польша, Россия Федерацияси ва бошқалар ҳудудларда тарқалган.

Қараим тили адабий тил сифатида шаклланмаган, ҳоз. оғзаки сўзлашув тили эса қараимларнинг асосий яшаш жойларига мос тарзда номланган уч лаҳжага: тракай (шим.), галич (жан.) ва қрим лаҳжаларига эга. Улар ўзаро фонетик ва лексик жиҳатдан фарқланади: тракай ва қрим лаҳжаларида 8 та, галич лаҳжасида эса 6 та унли фонема бор; қрим ва тракай лаҳжаларида сўз бошида ва охирида «ч» қўлланса, галич лаҳжасида айни ўринларда «ц» ишлатилади (чач — цац «соч»); қрим ва тракай лаҳжаларида сўз охиридаги «ш» галич лаҳжасида «с» талаффуз этилади (баш — бас «бош»). Қрим лаҳжаси қримтатар тилига яқин бўлса, тракай ва галич лаҳжалари синтаксисига славян тиллари кучли таъсир кўрсатган. Лексикасида кўплаб туркий сўзлар билан бир қаторда рус, польяк, украин, белорус, литва, грек ва итальян тилларидан ўзлашган сўзлар ҳам учрайди. Қараимлар қадимий яҳудий, лотин ва рус алифболаридан фойдаланганлар. Литвадаги қараимлар ўз оғзаки она тиллари билан бир қаторда, литва ва рус адабий тилларидан ҳам фойдаланадилар.

Ад.: Мусаев К. М., Грамматика караимского язнка, М., 1964; Баскаков Н. А., Введение визучение тюрских язмков, 2изд., М„ 1969.