ҚАРАҒАНДА КЎМИР ҲАВЗАСИ

ҚАРАҒАНДА КЎМИР ҲАВЗАСИ — Қозоғистон Республикаси Қарағанда вилоятидаги кўмир ҳавзаси. Умумий майд. 3600 км2, уз 120 км (ғарбдан шарққа томон), эни 30—60 км, шундан 2000 км2 майдонда кўмир қатламлари мавжуд. Қарағанда кўмир ҳавзаси Қозоғистон паст тоғларида жойлашган. Кўмир кони 1833 йилда топилган; Спасск мис эритиш з-ди эҳтиёжлари учун 1854 йилдан кустарь усулида қазиб олинган. 1920 йилда геологик қидирув ишлари бошланиб, биринчи эксплуатацияразведка шахтаси қурилган. Ҳавзадан режа бўйича фойдаланиш 1930 йилдан бошланган. Уруш йиллари (1941—45) ва урушдан кейинги даврда геологияқидирув ишлари жадаллашди. 1954 йилда ҳавзанинг геологиксаноат баҳоси ҳисоблаб чиқилган. 1940—65 йиллар мобайнида 64,7 млн. т қўнғир кўмир қазиб олинган; очиқ усулда қазиб олинадиган 595 млн. т қўнғир кўмир разведка қилинган. 1968 йил ҳавзанинг асосий участкаларида қидирувразведка ишлари тугалланди. Қарағанда кўмир ҳавзаси геологик жиҳатдан Қарағанда синклинорийси таркибига киради ва кембрий, ордовик, силур, девон, карбон, юра ва кайнозой тоғ жинсларидан ташкил топган. Кўмир қатламлари карбон ва юра ётқизиқларида жойлашган. Кўмир қатламларининг қалинлиги ғарб йўналишида 1200 м дан Верхнесокурск синклиналида 3800 м гача бўлади. 4500 м гача бўлган қалин тошкўмир системаси (даври)га мансуб кўмирли қатлам остида оҳактош, туффит, яшил ва кўккулранг гилли сланецлардан ташкил топган қуйи визенинг теректин қатлами ётади. Карбон ётқизиқларида 80 дан ортиқ кўмир қатлами бўлиб, 30 таси саноат аҳамиятга эга. Ҳавзадаги кўмирнинг асосий қисми тошкўмир системаси чўкиндиларидан ташкил топган. Ишчи қатламларнинг қалинлиги 0,7— 2,5 м чамасида, айрим ҳолларда 7—8 м. Қатламлар мураккаб тузилишга эга. Кўмирлар очиқ гумусли, тошкўмир. Коксланадиган кўмирнинг 1/3 қисми осон бойитилади. Қолганлари кули кўплиги ва қийин бойитилиши сабабли энергетикада ишлатилади. Кўмирнинг куллилиги 8—25% дан 20 — 45% гача, кам олтингугуртли (олтингугурт миқцори баъзан 1% дан ошади), фосфор миқдори 0,01—0,1%. Намлиги 3—6%; ёнувчи массанинг ёниш иссиқлиги 2,935,6 МЖ/кг (170008500 ккал/кг). Метаморфизм даражасига кўра, ҳавза кўмирлари Г, Ж, КЖ, К, К2, ОС маркаларига тааллукли. Юра даври кўмири қўнғир кўмир бўлиб, қатламларининг қалинлиги 5,34 м. Қўнғир кўмир таркибида 13% кул, 1,5% олтингугурт, 27— 56% ёнувчи модда бор; иссиқлик қуввати 6944—8500 ккал/кг. Кўмир 200—600 м чуқурликда қазиб олинади. Қарағанда кўмири Қарағанда, Орск, Магнитогорск металлургия здларида, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Урал, Ғарбий Сибирь саноатида ишлатилади. Қарағанда кўмир ҳавзасида кўмирдан ташқари юқори сифатли ер ости сувлари, оловбардош лой, қурилиш тошлари, гипс, қум, оҳактош ва мергелларнинг маълум миқцордаги захиралари мавжуд. Қарағанда кўмир ҳавзаси йирик саноат р-ни ҳисобланади. Қарағанда шаҳридан ташқари, унинг ҳудудида саноат марказлари — Сарань, Шахтинск, Абай шаҳрилари жойлашган. У ерда кон машинасозлиги, металлургия, кимё, энергетика ва саноатнинг бошқа тармоқлари ривожланган.