ҚАПАҒОН ХОҚОН

ҚАПАҒОН ХОҚОН (? 716) Турк хоқонлиги ҳукмдори (691—716). Унинг исми Ўрхун битиктошларида Қапаған, Хитой йилномаларида эса Мочжо шаклида учрайди. У Иккинчи Турк хоқонлигининг асосчиси бўлмиш акаси Элтариш хоқон вафот этгач, 691 йилда хоқонлик тахтига ўтирган. Қапағон хоқон даврида хоқонлик яна Марказий Осиёнинг энг йирик давлатига айланган. Қапағон хоқон дастлабки фаолиятини Табғач (Хитой)га ҳужум уюштириш билан бошлаган. У 693—706 йиллар оралиғида Элтариш хоқоннинг ўғиллари — Билга хоқон ва Култегин билан биргаликда Хитойдаги Хуанхэ дарёси ҳавзалари ҳамда Шанъдун (Хитойнинг шим. шарқи) ўлкасига юриш қилиб, 23 та шаҳарни қўлга киритганлиги қадимий туркий битиктошларда қайдэтилган. 699 йилда бир қисм хоқонлик қўшинлари жан. ғарбга, Темир қапиғгача етиб келган, 710 йилда эса Бухоро, Суғд, Тохаристон ўлкаларига истилочилик юришлари уюштираётган араблар билан тўқнаш келган. Қапағон хоқон 700 йилда Билга хоқон раҳбарлигида Тангут ўлкасига (Шим. Ғарбий Хитой — Тибетнинг шим.) қўшин юборади ва бўйсундиради. 701 йилда хоқонлик қўшинлари Хитойнинг шим. ғарбидаги Олти Чуб Суғдақ ўлкасига юриш қилади ва ЎнгТутуқ раҳбарлигидаги 50 минг кишилик Хитой қўшинини мағлуб этади. Қапағон хоқон даврида йирик туркий қабилалардан 699 йилда тургашлар, 703 йилда басмиллар, 705 — 706 йилларда байирқулар, 709 йилда чик ва азлар, 710 йилда қирғизлар ва тургашларга қарши қўшин тортилиб улар қайтадан Турк хоқонлиги таркибига қўшиб олинади. Қапағон хоқон ҳукмронлиги да7 вомида хоқонлик ва Марказий Осиёда катта нуфузга эга бўлган бир қанча йирик қабилалар орасида тўқнашувлар юз берган. Битиктошларда 711й. да тургаш, 711—714 йилларда қарлуқ, 714 йилда аз, 715 йилда изгил, 715—716 йилларда ўғуз ва тўққиз татар сингари қабилалар билан жанг олиб борилгани ҳикоя қилинади.

Хитой йилномаларида қайд этилишича, 716 йилда Қапағон хоқон Тўғла (Тола) дарёси бўйида байирқу уруғи устидан ғалаба қозониб, пойтахт Ўтуканга қайтаётганда йўдда етарли хавфсизлик чораси кўрилмагани боис пистирмага дуч келади ва мазкур қабилага мансуб жангчи томонидан ўлдирилган.

Ад.:Гумилев Л. Н., Древние тюрки, М., 1967; Насимхон Раҳмон, Турк хоқонлиги, Т., 1993.

Ғайбулла Бобоёров.